Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венесуэладаги офат: қурбонлар сони ортиб бормоқда
Венесуэлада июн ойи охирида содир бўлган иккита кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 535 нафарга етди. Яна 16 мингдан ортиқ киши жароҳатланган бўлиб, БМТ маълумотига кўра, бедарак йўқолганлар сони 50 минг нафаргача етиши мумкин.
Венесуэлада 25 июнга ўтар кечаси содир бўлган иккита кучли зилзила оқибатида қурбонлар сони тобора ортиб бормоқда. Мамлакат парламенти спикери Хорхе Родригеснинг маълум қилишича, ҳозирга қадар камида 3 535 киши ҳалок бўлган, 16 740 нафар эса турли даражада жароҳат олган.
Қидирув-қутқарув ишлари ҳали ҳам давом этаётгани сабабли қурбонлар сони яна ортиши мумкин. Венесуэла ҳукумати ҳозирча бедарак йўқолганлар бўйича расмий рақамларни эълон қилмаган. Бироқ БМТнинг дастлабки баҳолашига кўра, бедарак кетганлар сони 50 минг нафаргача етиши эҳтимоли бор.
Мутахассислар ушбу офатни «сейсмик дублет» деб атамоқда. Чунки 24 июн куни мамлакат шимолида, пойтахт Каракаснинг ғарбида жойлашган ҳудудда орадан атиги 39 сония ўтиб, магнитудаси 7,2 ва 7,5 бўлган иккита кучли зилзила қайд этилган. Бу Венесуэлада сўнгги 125 йил ичида кузатилган энг кучли ер силкинишлари ҳисобланади.
Асосий зилзилалардан кейин ўнлаб афтершоклар содир бўлган. Бу эса юзлаб турар жойлар, инфратузилма объектлари ва биноларнинг вайрон бўлишига олиб келган.
Энг катта зарар мамлакатнинг Ла-Гуайра штатига етган. Мазкур ҳудудда Венесуэланинг асосий халқаро аэропорти ва энг йирик денгиз порти жойлашган.
Фожиа муносабати билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Шунингдек, ҳалок бўлганлар хотирасига етти кунлик миллий мотам жорий этилган. Қутқарувчилар вайроналар остида тирик қолганларни излаш ишларини давом эттирмоқда.
Мавзуга оид
08:28 / 02.07.2026
Венесуэлада етти кунлик мотам эълон қилинди
15:38 / 01.07.2026
Венесуэладаги зилзиладан олти кун ўтиб, 3 ёшли бола вайроналар остидан тирик қутқарилди
08:55 / 30.06.2026
Венесуэлада зилзила қурбонлари сони 1700 нафардан ошди
09:37 / 29.06.2026