Жаҳон | 09:44
734
2 дақиқада ўқилади

Анқарада НАТО саммити: Украина ва Европа хавфсизлиги кун тартибида

Туркия пойтахти Анқарада НАТОнинг икки кунлик саммити ўз ишини бошлади. Унда Украинага янги ҳарбий ёрдам, Европа хавфсизлиги ва алянс доирасида мудофаа харажатларини ошириш масалалари асосий мавзулардан бири бўлиши кутилмоқда.

НАТОнинг икки кунлик саммити 7 июл куни кечқурун Туркия пойтахти Анқарада тантанали қабул маросими билан старт олди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған президент саройида НАТОга аъзо 32 давлат раҳбарлари ва ҳукумат вакиллари шарафига расмий кечки овқат уюштирди.

Тадбирга НАТО давлатлари етакчилари билан бир қаторда Украина, Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Янги Зеландия раҳбарлари ҳамда Европа Иттифоқи вакиллари ҳам таклиф этилган.

Саммитнинг асосий йиғилишлари 8 июл куни бўлиб ўтади. Унда Украинага Россияга қарши мудофаани кучайтириш учун қўшимча ёрдам кўрсатиш, Европа давлатларининг мудофаа салоҳиятини ошириш ҳамда НАТО доирасида масъулиятни янада тенг тақсимлаш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Вашингтон алянс ичида хавфсизлик юкини қайта тақсимлаш зарурлигини таъкидлаб келмоқда. НАТО бош котиби Марк Рюттенинг айтишича, сўнгги 18 ой ичида Европа давлатлари ва Канада мудофаа ҳамда хавфсизлик харажатларини сезиларли даражада оширган. Ҳозирда улар бу мақсадларга ялпи ички маҳсулотининг қарийб 4 фоизини йўналтирмоқда.

Саммитнинг асосий масалаларидан яна бири АҚШнинг НАТОга бўлган содиқлигини сақлаб қолиш ҳисобланади. АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ айрим НАТО давлатларининг Эронга қарши АҚШ ва Исроил олиб борган ҳарбий ҳаракатлар бўйича танқидларига кескин муносабат билдирган эди.

Анқарага келгач ҳам Трамп Европа давлатлари, айниқса Германияни Вашингтонни етарлича қўллаб-қувватламаётганликда танқид қилди. У ўз чиқишида «НАТОдан жуда қаттиқ ҳафсалам пир бўлганини» таъкидлади.

Кузатувчиларнинг фикрича, саммит якунлари НАТОнинг келгуси йиллардаги мудофаа сиёсати, Украинага кўрсатиладиган ёрдам ҳажми ҳамда АҚШ ва Европа ўртасидаги хавфсизлик ҳамкорлигининг келажагига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид