Жаҳон | 18:21
1728
3 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ва Лукашенко музокаралар якунларини сарҳисоб қилди

Президент Шавкат Мирзиёев ва Беларус президенти Александр Лукашенко 9 июль куни Минск шаҳрида музокаралар якунлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу расмий ташриф Ўзбекистон – Беларусь муносабатлари ривожида тарихий воқеа экани мамнуният билан қайд этилди. Жумладан, Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзолангани саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлди.

Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очиб, томонларнинг кўп қиррали шерикликни узоқ муддатли ривожлантириш борасидаги қатъий интилишини тасдиқлайди.

Музокараларга катта тайёргарлик кўрилгани уларнинг муваффақиятли ўтишида муҳим омил бўлгани қайд этилди.

Ташриф арафасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, учинчи Ҳудудлараро форуми, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда таҳлилий доиралар учрашуви бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Саммит олдидан товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ҳамда устувор соҳалардаги янги лойиҳавий ташаббусларни қамраб олган комплекс режа қабул қилинди.

Бунда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, микроэлектроника, тўқимачилик, мебелсозлик ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантириш назарда тутилган.

Ўзбекистонда биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмани қуришда Беларус тажрибасини қўллаш юзасидан келишувга эришилди.

Учинчи Ўзбекистон – Беларус Ҳудудлараро форумининг якунлари юқори баҳоланди. Форум ишида Ўзбекистоннинг 230 нафарга яқин тадбиркорлари иштирок этди.

БМТ, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати каби минтақавий ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга интилиш қатъий экани таъкидланди.

Маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда туризм соҳаларидаги фаол алмашинувлар давом эттирилади.

Давлат раҳбари Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларус дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.

Жорий йилда навбатдаги тиббиёт, таълим ва туризм форумларини ташкил этишга аҳдлашилди.

Якунда бугунги тарихий ташриф натижалари стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳамда икки мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва фаровонлигига ҳар томонлама хизмат қилиши таъкидланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид