Ўзбекистон | 16:49
1283
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Беларус муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди

Шавкат Мирзиёев Лукашенко билан музокара ўтказди. Учрашувда томонлар кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилишларини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Ушбу ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий доиралар учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич қарийб 3 баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра салкам 1 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг ортда қолган даврида унинг ҳажми яна 30 фоизга ошди. 360 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Етакчилар куни кеча ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ ҳаракатлар келишиб олингани ҳамда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, мебелсозлик ва саноатнинг бошқа тармоқларида янги кооперация лойиҳаларидан иборат чора-тадбирлар режаси қабул қилинганини олқишлади.

Ўзбекистон тинч атомдан фойдаланиш ва шу соҳада инфратузилмани барпо этиш борасидаги тажрибани алмашишдан манфаатдор экани билдирилди.

8 июл куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Ўзбекистон-Беларус ҳудудлараро форумининг самарали натижалари алоҳида эътироф этилди. Унинг якунида савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг салмоқли тўплами имзоланди.

Томонлар халқаро тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилишларини тасдиқлади.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Мирзиёев Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларус дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун Лукашенкога миннатдорлик билдирди.

Жорий йил охирига қадар қўшма туризм, тиббиёт ва таълим форумларини ташкил этишга келишиб олинди.

Йиғилиш давомида қўшма Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг ҳисоботлари ҳамда музокаралар кун тартиби юзасидан аниқ таклифлари ҳам тингланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкога расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишни таклиф этди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.

Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Жумладан:

– 2026-2030 йилларда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

– Ўзбекистон ТИВ ва Беларус ТИВ ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган маслаҳатлашувлар дастури;

– 2005 йил 19 январдаги “Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисида”ги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;

– Беларус ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида битим;

– Ўрмон хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– 2026-2028 йилларга мўлжалланган маданият соҳасидаги ҳамкорлик дастури;

– Ўзбекистон ФВВ ва Беларус ФВВ ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;

– Ўзаро сайёҳлар оқимни кўпайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2026-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси;

– 2026-2028 йилларда агросаноат мажмуидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича “йўл харитаси”;

– Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда Беларуснинг “Беллегпром” давлат концерни ўртасида енгил саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Беларус Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ўртасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми;

– Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Беларус Молия вазирлиги ўртасида молиявий масалалар бўйича ўзаро англашув меморандуми;

– Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Беларус стратегик тадқиқотлар институти ўртасида Ўзбекистон – Беларус экспертлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида меморандум;

– Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Беларус Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги ўртасида агросаноат соҳасида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аҳдлашув меморандуми;

– Ўзбекистон Фанлар академияси ва Беларус Миллий фанлар академияси ўртасида илмий-техник ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми.

Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Беларус Фундаментал тадқиқотлар жамғармаси ўртасида ҳам меморандум имзоланди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид