Иқтисодиёт | 20:34
983
3 дақиқада ўқилади

Россия газининг Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажми ошиши кутилмоқда

Россия «Ўрта Осиё — Марказ» магистрал газ қувурлари тизими орқали Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга экспортни оширишда давом этмоқда.

Фото: Александр Демьянчук / ТАСС

2026 йилда Россия қувур газининг Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажми 40 фоиздан кўпроққа — 7 млрд куб метрдан 10 млрд куб метрдан ошиқроққа етиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлигининг (ХЭА) жаҳон газ бозорига бағишланган чораклик шарҳида сўз боради.

Россия «Ўрта Осиё — Марказ» магистрал газ қувурлари тизими орқали Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистонга экспортни оширишда давом этмоқда, деб қайд этилади ҳисоботда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Россия ва Туркманистондан импорт қилинган газ қиймати 1,2 фоизга арзонлаб, 1,66 млрд долларни ташкил этган. Шу билан бирга, Россия газини етказиб беришнинг физик ҳажми 14,9 фоизга — 5,64 млрд куб метрдан 6,48 млрд куб метрга ошган.

Импортнинг ўсиши мамлакатда газ қазиб олиш ҳажмининг пасайиб бораётгани фонида кузатилмоқда. ХЭА маълумотларига кўра, январь–май ойларида Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга ёки 2,6 млрд куб метрга камайган.

Агентлик бу пасайишни мавжуд конларнинг аввалги қазиб олиш ҳажмларини сақлаб қолиш имкониятлари ёмонлашгани билан изоҳламоқда.

Таққослаш учун, Туркманистонда бу даврда газ қазиб олиш ҳажми деярли ўзгармаган. Қозоғистонда эса тахминан 8 фоизга ёки 1 млрд куб метрдан кўпроққа камайган.

Умуман олганда, Евроосиёда газ қазиб олиш 2025 йил якунлари бўйича 3 фоизлик пасайишдан сўнг биринчи ярим йилликда тиклана бошлади. Дастлабки маълумотларга кўра, бу кўрсаткич асосан Россия ҳисобига қарийб 2,5 фоизга ўсган. 2026 йил якунлари бўйича ХЭА минтақада қазиб олиш ҳажми 2 фоизга ошишини кутмоқда.

Евроосиёда (Арманистон, Озарбойжон, Гуржистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон) газга бўлган талаб қарийб 3 фоизга ўсиши мумкин. Бунга йил бошидаги қиш ойларининг совуқроқ келгани ҳам сабаб бўлди. Шу билан бирга, минтақада қазиб олиш ҳажми ҳамон 2021 йилги даражадан 9 фоизга пастлигича қолмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид