Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Буюк Британияда таниқли сиёсатчи Энн Уиддикомб ўлдирилди
Буюк Британияда ўнг консерватив қарашлари билан танилган сиёсатчи, собиқ парламент аъзоси Энн Уиддикомб ўз уйида ўлдирилган ҳолда топилди. Полиция қотилликда гумон қилинган 26 ёшли эркакни қўлга олган бўлиб, ҳозирча жиноят сиёсий сабаблар билан боғлиқ эмаслиги билдирилмоқда.
Британия полицияси маълум қилишича, 78 ёшли Энн Уиддикомбнинг жасади 9 июл куни Англия жануби-ғарбидаги Девон графлиги ҳудудида, Дартмур миллий боғи яқинида жойлашган Ҳейтор-Вейл қишлоғидаги уйидан топилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар гумонланувчи қўлга олингач, воқеа ҳақида 10 июл куни расман ахборот берди.
Тергов маълумотларига кўра, қотилликда гумонланаётган 26 ёшли эркак Нютон-Эббот шаҳрида ҳибсга олинган. Девон ва Корнуолл полицияси бош констебли Мэтт Лонгманнинг маълум қилишича, марҳума оғир тан жароҳатлари олган. Айни пайтда жиноятнинг аниқ сабаблари ва қандай шароитда содир этилгани очиқланмаган.
Полиция гумонланувчи Британия фуқароси эканини маълум қилди ва мазкур қотиллик террорчилик ҳаракати ёки сиёсий мотивлар билан боғлиқ эмаслиги ҳақида дастлабки хулосани билдирди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Энн Уиддикомб Британия Консерватив партиясидан 1987–2010 йилларда парламентнинг Қуйи палатаси депутати бўлган. У аёлларнинг аборт қилиш ҳуқуқини кенгайтиришга қарши қатъий позицияси билан танилган. Шунингдек, у мамлакатда ўлим жазосини қайта тиклаш тарафдори бўлган, аммо эвтаназияни қонунийлаштиришга қарши чиққан.
1990–1997 йилларда бош вазир Жон Мейжор ҳукуматида ижтимоий таъминот, бандлик ва ички ишлар соҳаларида вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Парламентни тарк этгач, у телевидениедаги машҳур реалити-шоуларда иштирок этди.
Кейинчалик Энн Уиддикомб Найжел Фараж раҳбарлик қилган Brexit Party сафида Европарламент аъзоси бўлди. 2023 йилдан бошлаб эса Фараж асос солган ва миграцияга қарши қатъий сиёсати билан танилган Reform UK партиясининг фаол вакили ва нотиқи сифатида иш олиб борди.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Энн Уиддикомбнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириб, уни мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган сиёсатчи сифатида таърифлади.
«Бу жуда даҳшатли хабар. Унинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдираман. Энн Уиддикомб кўп йиллар давомида Британия сиёсий ҳаётида салмоқли ўринга эга бўлган шахс эди», — деди Стармер.
У, шунингдек, мамлакат қонун чиқарувчиларининг хавфсизлиги давлат учун устувор масала эканини таъкидлаб, сиёсий қарашлардан қатъи назар умумий қадриятларни ҳимоя қилишга чақирди.
Reform UK раҳбари Найжел Фараж сиёсатчининг ўлими уни қаттиқ ларзага солганини билдириб, жамоатчилик олдида фаолият юритувчи шахслар ҳаёти тобора хавфли тус олаётганини таъкидлади.
Британиянинг собиқ бош вазири Борис Жонсон ҳам Энн Уиддикомбни «Брекзит ғоясининг фидойи тарафдори ва кучли нотиқ» деб атаб, унинг вафотини мамлакат учун катта йўқотиш сифатида баҳолади.
Мавзуга оид
16:53 / 04.06.2026
Буюк Британияда 18 ёшли талаба ўлими туфайли намойиш ва тартибсизликлар рўй берди
15:10 / 20.05.2026
Қўқонда 19 ёшли қиз қотилликка қўл урди
00:04 / 20.05.2026
Испанияда Mango дўконлари асосчисининг ўғли отасини ўлдиришда гумон қилиниб ушланди
17:53 / 11.05.2026