Жамият | 20:20 / 12.07.2026
3956
2 дақиқада ўқилади

Атамалар комиссияси янги сўз ва атамалар рўйхатини эълон қилди

Рўйхатдан 41та сўз ўрин олган бўлиб, жумладан, брекет — тишсим, бренд — хосном, миксер — қорғич, суфлёр — шивирчи, хештег — калитсўз, хостел — қўноқуй дейилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси ўзбек тили қоида ва меъёрлари асосида шакллантирилган ҳамда расмий муомалага киритиладиган янги сўз ва атамалар рўйхатини эълон қилди.

Қайд этилишича, Атамалар комиссияси томонидан турли фан ва фаолият соҳаларига оид атамалар мунтазам равишда таҳлил қилиниб, уларнинг миллий тил меъёрларига мос муқобиллари ишлаб чиқилмоқда ҳамда белгиланган тартибда расмий истеъмолга киритилмоқда.

“Ушбу жараён ўзбек тилининг илмий ва расмий услубдаги имкониятларини кенгайтириш, терминологик тизимни миллийлаштириш, атамаларнинг ягона меъёр асосида қўлланишини таъминлаш ҳамда давлат тилининг нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, рўйхатда турли соҳаларга оид хорижий ўзлашмаларнинг илмий асосланган, ўзбек тили қоида ва меъёрлари асосида шакллантирилган ҳамда расмий муомалага киритиладиган ўзбекча муқобиллари берилган.

Илова қилинган рўйхатдан 41та сўз ўрин олган бўлиб, жумладан, брекет — тишсим, бренд — хосном, датчик — сезгич, дедлайн — сўнгмуддат, миксер — қорғич, суфлёр — шивирчи, хештег — калитсўз, хостел — қўноқуй дейилган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид