Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бекободда янги металлургия мажмуаси фойдаланишга топширилди
Бекобод шаҳрида Ўзбекистон металлургия комбинати ҳузуридаги янги Қуюв-прокатлаш мажмуаси ишга туширилди. Мамлакатда илк бор иссиқ прокатланган пўлат листлар ишлаб чиқариладиган мазкур мажмуа йилига 1 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 1 200 та янги иш ўрни яратади.
Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон металлургия комбинатида барпо этилган Қуюв-прокатлаш мажмуасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Давлат раҳбари комбинат жамоаси, меҳнат фахрийлари ва хорижий ҳамкорларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади.

Маросимда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатда кон-металлургия саноатини замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўтган ўн йил давомида тармоққа қарийб 2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 31 та йирик ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилди. Хусусий секторнинг кенгайиши натижасида соҳада фаолият юритаётган корхоналар сони 150 тадан ошди.

Шу давр мобайнида маҳаллий металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 3 миллион тоннага, унинг қиймати эса 23 триллион сўмга етди. Таққослаш учун, 2016 йилда тармоқда 800 минг тонна ёки 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган эди.
Янги Қуюв-прокатлаш мажмуаси Ўзбекистонда иссиқ прокатланган пўлат листлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи лойиҳа ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши натижасида йилига 8 триллион сўмлик 1 миллион тонна иссиқ прокатланган пўлат лист ишлаб чиқарилади. Бу Тошкент ва Самарқанд металлургия заводларининг прокат листларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш имконини беради.

Президент келгуси йилларда комбинатни маҳаллий хомашё билан таъминлаш устувор вазифа бўлишини таъкидлади. Қайд этилишича, мамлакат ҳудудида 1,5 миллиард тонна темир рудаси захираси мавжуд. Яқин уч-тўрт йилда «Тебинбулоқ» конини ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш, «Сурун-ота» конидаги маъданларни бойитиш ҳисобига эса ҳар йили 600 минг тонна темир хомашёси олиш режалаштирилган.

Шунингдек, комбинат ҳудудида «Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки» ташкил этилади. Жорий йилнинг ўзида ушбу паркда умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган олтита инвестиция лойиҳаси бошланади. Уларнинг амалга оширилиши натижасида яна 660 та юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Ташриф якунида президент рамзий тугмани босиб, Қуюв-прокатлаш мажмуаси фаолиятига расман старт берди ҳамда соҳа фахрийлари, комбинат ходимлари ва хорижий ҳамкорлар билан мулоқот қилди.


