Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мамлакатда 1,5 млрд тонна темир руда захираси мавжуд – президент
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Давлат раҳбари қора металлургия қурилиш, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика ва электротехника каби жами 50 миллиард долларлик иқтисодиёт тармоқлари учун асосий хомашё манбаларидан бири эканини таъкидлади.
Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиб, ялпи ички маҳсулотни 2030 йилда 240 миллиард долларга етказиш учун йилига камида 8-9 фоизли ўсишни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, соҳада импортга қарамлик, таннарх ва энергия сарфининг юқорилиги, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича натижалар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Айниқса, жаҳондаги зиддиятлар ва асосий транспорт йўлакларидаги логистика муаммолари шароитида қора металлургияда хомашё базасини мустаҳкамлаш, маҳсулот тури ва сифатини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани таъкидланди.
Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда пўлат лист, навли прокат, қувурлар ва металл конструкцияларга эҳтиёж 3 карра ортиб, 5,5 миллион тоннага етди.
Янги қурилаётган атом электр станцияси, Тўртинчи мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводининг ўзига 2,5 миллион тоннага яқин пўлат лист ва арматура керак бўлади.
Келгуси беш йилда 180 миллиард долларлик янги қувватлар ишга туширилади, 27 миллиард долларлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиб, 800 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.
Натижада металл маҳсулотларига йиллик эҳтиёж 2030 йилгача 1,5 баробар кўпайиб, 8 миллион тоннадан ортади.
Давлат раҳбари мутасаддиларга ушбу эҳтиёж қайси қувватлар ҳисобидан таъминланиши юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар бўлиши зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Бугунги кунда Бекобод металлургия комбинати металл прокатнинг 40 фоизини иккиламчи металлдан, 60 фоизини импорт ҳисобидан ишлаб чиқармоқда.
Республика бўйича ҳар йили 700 минг тонна қора металлолом комбинатга топширилаётган бўлса-да, яна 500 минг тонна металлолом хуфиёна айланмада қолмоқда.
Шу боис, қора металл айланмаси билан боғлиқ барча жараёнлар электрон платформа орқали реал вақт режимида мониторинг қилинади.
Қора металлургия саноатида соғлом рақобат муҳити ва нарх барқарорлигини таъминлаш, соҳада таъсирчан назорат механизмларини ўрнатиш учун Ҳукуматда алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилади.
Ушбу офис металл маҳсулотлари бозорини кунлик таҳлил қилади, хомашё ва тайёр маҳсулотга талаб ва таклифни шакллантиради, маҳсулот сифати, келиб чиқиши, физик ва кимёвий таркиби акс этадиган рақамли паспортни юритади.
Мутасаддиларга бир ойда лойиҳа офиси фаолиятини йўлга қўйиш, 1 августдан E-lom электрон платформасини ишга тушириб, қора металл айланмасини назоратга олиш топширилди.

Мамлакатда 1,5 миллиард тонна темир руда захираси мавжуд. «Сурун-ота» конидан йилига 650 минг тонна темир хомашёсини олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилган.
Ушбу кондан темир концентрати 2027 йилдан бошлаб комбинатга етказиб берилиши шартлиги белгиланди.
Бундан ташқари, «Тебинбулоқ» конини уч-тўрт йилда ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Тожикистондан йилига 700 минг тонна темир хомашёсини сотиб олиш бўйича меморандум имзолангани қайд этилиб, тез фурсатда шартномани расмийлаштириш ва келгуси йилдан хомашё олиб келишни бошлаш вазифаси қўйилди.
Металлургия соҳасидаги йирик хусусий корхоналар ҳам геология-қидирув ишлари, конлардан хомашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ технологик занжирни ташкил этишга тайёр экани таъкидланди.
Самарқанддаги корхона темир кони берилса, хомашё қазиб олишга 500 миллион долларгача сармоя киритиш ташаббусини билдирган. Бекобод металлургия комбинати эса хомашё базасини кенгайтириш учун Форишдаги 32 миллион тонна темир ресурсига эга «Темиркон»ни ўзлаштиришни сўраган.
Президент бунинг учун шароит яратиш юзасидан топшириқлар берди.
Тошкент вилояти, Самарқанд ва Сурхондарёда ҳам темир захиралари борлиги прогноз қилинмоқда.

Давлат раҳбари бундай йирик лойиҳаларда темир сифатини ошириш учун марганец ва ферросилиций хомашёсига ҳам талаб ортишини таъкидлади.
Мутасаддиларга ушбу майдонларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, бир ойда темир ва уни бойитишга зарур минераллар захирасини кўпайтириш бўйича геология дастурини киритиш топширилди.
Ҳудуд раҳбарларига мазкур ишларга йирик тадбиркорларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Металлургия соҳасида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхоналар фаолият юритмоқда. Қурилиш материаллари бўйича йиғилишдан сўнг ҳокимлар металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни бошлагани қайд этилди.
Хусусий корхоналарни хомашё билан барқарор таъминлаш мақсадида четдан хомашёни марказлашган ҳолда олиб келиш бўйича алоҳида компания ташкил этилади. Ушбу компанияга 200 миллион доллар ажратилади, импорт хомашё фақат биржа орқали сотилади.