Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қуёш ва иссиқ уришидан қандай сақланиш керак?
Ёзнинг жазирама кунларида қуёш ва иссиқ уриши саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Мутахассислар, айниқса, болалар, кексалар ва сурункали касалликларга чалинган инсонларга эҳтиёткор бўлишни тавсия қилиб, қуёш уришининг олдини олиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларини эслатди.
Маълум қилинишича, об-ҳавонинг кескин исиши инсон организмига салбий таъсир кўрсатади. Қуёш уриши тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида узоқ вақт қолиш натижасида юзага келиши мумкин. Айрим ҳолларда эса иссиқлик таъсири белгилари 6–8 соатдан кейин ҳам намоён бўлади.
Мутахассислар қуёш уришининг олдини олиш учун соат 10:00 дан 17:00 гача очиқ қуёш остида узоқ вақт бўлмасликни тавсия этади. Шунингдек, пахта каби табиий матолардан тайёрланган енгил кийимлар кийиш, оч рангли бош кийим тақиш ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ҳамда кремлардан фойдаланиш лозим.
Иссиқ кунларда организмда сув танқислигининг олдини олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун мунтазам равишда суюқлик истеъмол қилиш, уйдан чиқишда сув олиб юриш тавсия этилади. Мутахассислар чанқоқни босиш учун минерал сув, шарбатлар ёки енгил дамланган чой ичишни маъқул кўради.
Қуёшдан қайтгач душ қабул қилиш ёки танани нам сочиқ билан артиш организм ҳароратини меъёрга келтиришга ёрдам беради. Шунингдек, оч қоринга ёки овқатлангандан кейин дарҳол қуёш остида бўлиш тавсия этилмайди.
Қуёш ёки иссиқ уриши дастлаб дармонсизлик, бош оғриғи, чанқоқ, бош айланиши ва чарчоқ билан намоён бўлади. Кейинчалик кўнгил айниши, қусиш, пулс ва нафас олишнинг тезлашиши, кучли терлаш, айрим ҳолларда бурундан қон кетиши кузатилиши мумкин. Оғир ҳолатларда эса одам ҳушини йўқотиши, тутқаноқ тутиши, алаҳлаши ёки галлюцинация кузатилиши эҳтимоли бор. Агар ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, нафас олиш ва юрак фаолияти тўхтаб қолиши мумкин.
Бундай вазиятда жабрланувчини зудлик билан салқин жойга олиб ўтиш, чалқанча ётқизиб, бошини бироз кўтариш, кийимларини бўшатиш ва тоза ҳаво билан таъминлаш керак. Агар бемор ҳушида бўлса, унга совуқ сув ёки енгил дамланган чой ичириш тавсия этилади. Бошига нам сочиқ қўйиш, қўлтиқ ости, чов ва тизза орқасига муз ёки совуқ сувли идиш қўйиш организм ҳароратини пасайтиришга ёрдам беради.
Мутахассислар қуёш ёки иссиқ уришидан жабрланган ҳар қандай беморни тиббиёт муассасасига етказишни, оғир ҳолатларда эса зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш зарурлигини таъкидламоқда.
Мавзуга оид
12:59
ССВ жазирамадан сақланиш бўйича ўз тавсияларини берди
13:57 / 12.07.2026
Иссиқ туфайли Қорақалпоғистондаги боғчалар вақтинча ёпилади
08:40 / 09.07.2026
ЖССТ Марказий Осиёни жазирама хавфидан огоҳлантирди
18:06 / 08.07.2026