Жамият | 18:06
1064
3 дақиқада ўқилади

Европа ва Марказий Осиёда жазирама иссиқнинг янги тўлқинлари кутилмоқда - ЖССТ

Яқинда Европани қамраб олган рекорд даражадаги иссиқдан сўнг, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ёзнинг энг хавфли кунлари ҳали олдинда бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Фото: bb.lv

Бу ҳафта Португалия ва Испания жанубида ҳарорат 43 даражага етиши кутилмоқда. Франция ва Бенилюкс мамлакатларида янги иссиқлик тўлқини кутилмоқда, Марказий Осиёнинг бир қатор ҳудудларида эса термометрлар 40 даражадан юқорига кўтарилмоқда, деб хабар берди ЖССТ.

Шу муносабат билан ЖССТ Европа бўйича минтақавий директори Ханс Клюге мамлакатлар, шунингдек, Европа комиссияси ва фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари иштирокида фавқулодда йиғилиш ўтказди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ҳаддан ташқари иссиқликни шунчаки об-ҳаво ҳодисаси эмас, балки жамоат саломатлигига жиддий таҳдид сифатида кўрмоқда.

ЖССТ таъкидлашича, ҳаддан ташқари иссиқликка қарши миллий ҳаракатлар режалари аллақачон мавжуд бўлган мамлакатлар зарур хизматларни тезроқ ташкил этиш ва аҳолини яхшироқ ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди.

Шундай қилиб, Италиянинг 45 та шаҳрида ўлимни кузатиш тизими мавжуд бўлиб, у деярли реал вақт режимида жазирама оқибатларини баҳолаш имконини беради. Испанияда ҳокимият оммавий ахборот воситалари билан биргаликда аҳолини соғлиқ учун хавф-хатарлар ҳақида хабардор қилиш тизимини такомиллаштирмоқда. Австрия миллий ҳаракатлар режасини янгилади ва ишчиларни иссиқдан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чораларни жорий этди, Францияда эса идоралараро мувофиқлаштириш соғлиқни сақлаш тизимига юкламани камайтиришга имкон берди. Шимолий Македонияда Қизил Хоч билан биргаликда доимий уй-жойи бўлмаган одамларга ёрдам кўрсатилмоқда.

«Бу мисоллар муҳим, чунки бу тажрибани такрорлаш мумкин. Керакли воситалар мавжуд. Далиллар базаси ишончли. Режалар инқироздан олдин ишлаб чиқилган ва текширилганда, улар одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади», деб таъкидлади Клюге.

Шу билан бирга, ЖССТ Европа ва Марказий Осиёнинг 53 давлатидан иборат ташкилотнинг Европа минтақасидаги давлатларнинг ярмидан камроғида ҳаддан ташқари иссиқликка қарши курашиш бўйича миллий режалар мавжудлигини таъкидлайди.

Кўпгина мамлакатларда одамлар ҳали ҳам хавф остида эканлигини англамайди. Йиғилиш иштирокчилари, шунингдек, совутиладиган марказларнинг, айниқса уйсизлар учун марказларнинг етишмаслиги, тиббиёт муассасаларининг иқлим ўзгариши оқибатларига чидамлилигини ошириш ва расмий хабардор қилиш тартиб-қоидаларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Айниқса, ижтимоий муассасаларда яшаётган инсонлар, бошпанасиз шахслар ва ёлғиз кексалар ҳар доим ҳам зарур ёрдамни ололмаётгани ташвиш уйғотмоқда.

ЖССТ Европа бюроси раҳбарининг сўзларига кўра, учрашувнинг энг муҳим натижаларидан бири турли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўлди. Клюгенинг сўзларига кўра, ҳаддан ташқари иссиқлик хавфсизликка таҳдид солмоқда, бу эса турли соҳалар ўртасида мувофиқлаштиришни талаб қилади.

ЖССТ мамлакатлар тажрибасини умумлаштириб, минтақанинг барча 53 давлати ўртасида тавсиялар тарқатишини маълум қилди. Ташкилот, шунингдек, аҳолини иссиқликдан ҳимоя қилиш миллий режаларини ишлаб чиқаётган ёки такомиллаштираётган давлатларга техник ёрдам кўрсатишда давом этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид