Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия нефти нишонда: зарбалар натижа берадими?
Украина сўнгги кунларда Россиянинг Азов денгизи ва Қрим йўналишидаги логистикасига кенг кўламли зарбалар бераётганини даъво қилмоқда. Хабарларга кўра, қисқа вақт ичида ўнлаб кемалар шикастланган, нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда ёқилғи инфратузилмаси нишонга олинган.
Натижада Россиянинг айрим ҳудудларида бензин тақчиллиги юзага келиб, ёқилғи савдосига чекловлар жорий этилди. Ушбу воқеаларнинг ҳарбий ва иқтисодий оқибатлари юзасидан таҳлилчилар ўз қарашларини билдирди.
Агар Украина ҳақиқатан ҳам тўрт кун ичида 25 та кемага зарба берган бўлса, бу Россиянинг Қримни назорат қилиш ва логистик имкониятларига қандай таъсир қилади?
Шуҳрат Расул: Агар Россия–Украина урушининг бугунги босқичига назар ташласак, Россия учун вазият тобора мураккаблашиб, инқирозли тус оляпти. Сўнгги бир ҳафта ичида Украина 20 дан ортиқ нефт ташувчи кемага зарба бергани айтилмоқда. Бу ерда бир жиҳатни аниқлаштириш керак, танкерларнинг океан ва дарё турлари мавжуд. Океан танкерлари жуда катта юк сиғимига эга бўлса, дарё танкерлари нисбатан кичикроқ.
Шунга қарамай, уларнинг ҳар бири ўртача 7–8 минг тонна нефт ёки нефт маҳсулотларини таший олади.
Россияда совет давридан қолган ана шундай дарё танкерлари жуда кўп бўлган. Уларнинг бир қисми эскирган, бироқ кейинги йилларда янгилари ҳам қурилди. Масалан, яқинда бир куннинг ўзида чўктирилди, дейилаётган 11 танкердан тўрттаси 2006, 2009 ва 2012 йилларда қурилган нисбатан замонавий кемалар эди. Қрим ойига тахминан 70 минг тонна бензин ва бошқа ёқилғи маҳсулотларини истеъмол қилади.
Дастлаб чўктирилган икки танкернинг ҳар бири қарийб 7 минг тоннадан юк олиб кетаётган бўлган. Шундан сўнг яна тўққизта танкер жўнатилди, бироқ улар ҳам йўқ қилинди. Умуман олганда, зарбага учраган кемалар ташиётган ёқилғи ҳажми Қримнинг бир ойлик эҳтиёжига яқин эди. Гап айнан Азов денгизида ҳаракатланган дарё танкерлари ҳақида кетмоқда. Президент Владимир Путин Қримни ёқилғисиз қолдирмаслик кераклигини таъкидлагач, яна ўндан ортиқ танкер юборилди. Аммо улар ҳам кеча ва бугун яна зарбага учрагани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Агар бу маълумотлар тўғри бўлса, Қримда бензин тақчиллиги кэскинлашганини кўриш мумкин.
Россияликларнинг ўзи ижтимоий тармоқларда Симферополдан видеолар жойлаштирмоқда.
Уларда шаҳар марказидаги йўллар одатдагидан анча бўш экани, автомобиллар сони кескин камайгани кўринади. Бу Россиянинг замонавий тарихида кам учрайдиган ҳолат. Бу муаммо қандай ҳал қилиниши мумкинлиги ҳозирча аниқ эмас. Мен вазиятнинг яқин орада енгиллашишини кўрмаяпман. Аксинча, муаммо чуқурлашиши эҳтимоли юқори.
Россиялик нефт саноати эксперти Михаил Крутихиннинг фикрича, мавжуд тенденсия давом этса, 25 кун ичида мамлакатдаги қолган ёқилғи захиралари ҳам деярли тугаши мумкин. Унинг таъкидлашича, бугунги шароитда Россиядаги бензин танқислигини тўлиқ қоплай оладиган иқтисодиёт ёки ишлаб чиқарувчи давлат мавжуд эмас. Ҳатто Ҳиндистон ҳам бундай ҳажмни етказиб бера олмайди. Биринчидан, унинг ўз ички эҳтиёжлари бор.
Иккинчидан, экспорт имкониятлари ҳам чекланган. Россия йилига қарийб 44 миллион тонна автомобил бензини — АИ-92, АИ-95 ва АИ-98 ишлаб чиқаради. Агар ушбу ишлаб чиқариш қувватининг 60 фоизи зарар кўрган бўлса, бу қарийб 26–27 миллион тонналик ишлаб чиқариш йўқотилиши дегани. Бундай ҳажмдаги маҳсулотни қисқа муддатда ташқи бозордан қоплаш амалда деярли имконсиз.
Бундан ташқари, АИ-95 ва АИ-98 каби Евро-5 стандартидаги ёқилғини ишлаб чиқарадиган замонавий нефтни қайта ишлаш заводлари дунёда кўп эмас.
Уларнинг аксарияти сўнгги ўн йил ичида, Евро-3 ва Евро-4 стандартларидан Евро-5 га ўтилиши билан барпо этилган. Бу борада Ҳиндистон энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири саналади. Бироқ у ишлаб чиқараётган бензиннинг катта қисмини аллақачон Европа Иттифоқига узоқ муддатли шартномалар асосида экспорт қилмоқда.
Россия бу ёқилғини сотиб олмоқчи бўлса ҳам, бунинг учун йирик танкер флоти, мураккаб логистика ва мавжуд халқаро шартномаларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Ҳиндистон эса Европа олдидаги мажбуриятларини бузиб, экспорт йўналишини ўзгартириши эҳтимолдан йироқ. Шу сабабли бу нафақат ишлаб чиқариш, балки жуда катта логистик муаммо ҳам ҳисобланади.
Анвар Йўлдошев: Тўғри, бугунги кунда Россиянинг 50 дан ортиқ ҳудудида бензин савдосига турли чеклловлар жорий этилган. Лекин "10 та", "20 та", "25 та кема чўктирилди" деган иборалар тўлиқ тўғри эмас. Аввало, зарбага учраган кемаларнинг барчаси танкер бўлмаган. Эълон қилинган рўйхатларда танкерлар билан бир қаторда корветлар ва бошқа турдаги кемалар ҳам бор.
Иккинчидан, бу кемаларнинг барчаси чўктириб юборилгани ҳам айтилмаяпти. Уларга турли даражада шикаст етказилган. Айримларининг корпуси, айримларининг юк бўлими ёки бошқа қисмлари зарарланган. Демак, "чўктирилди" деган ибора ўрнига "ишга яроқсиз ҳолатга келтирилди" ёки "шикаст етказилди" дейиш аниқроқ бўлади. Шунинг учун тилга олинаётган 25 та ёки кейинчалик яна зарба берилган кемаларнинг ҳаммаси чўкиб кетган, деган хулосага келиш тўғри эмас.
Ундан ташқари, Россиянинг нефтни қайта ишлаш саноати бугунги кунда жиддий босим остида. Украина томони 42,5–43 фоизгача қайта ишлаш қувватларини ишдан чиқарганини даъво қилмоқда.
Сўнгги даврда бир неча йирик нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда ўнлаб ёқилғи резервуарларига зарбалар берилди. Бироқ Ғарб экспертлари ва оммавий ахборот воситалари бу кўрсаткични эҳтиёткорроқ баҳоламоқда.
Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, амалда ишдан чиққан қувватлар 20–40 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Шуни ҳам инобатга олиш керакки, Россия ҳозир кунига қарийб 4,1 миллион баррел нефт маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Бу аввалги йиллардаги кўрсаткичдан тахминан 28 фоиз кам. Албатта, бу сезиларли пасайиш, бироқ вазиятни баҳолашда барча рақамларни биргаликда кўриб чиқиш лозим.
Нефт қуйиш шохобчасидаги навбатларнинг асосий сабаби ҳам ишлаб чиқариш ҳажмининг камайганидир. Қайта ишлаш қувватлари 30 фоиз атрофида қисқарса, бу, албатта, ички бозорга таъсир қилади. Лекин мен масалага бошқа нуқтайи назардан қарайман. Ўзбекистон фуқароси сифатида бу ҳолатни ижобий баҳоламайман. Чунки биз, аввало, ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиқишимиз керак.
Бунинг сабаби оддий. Ўзбекистон истеъмол қилаётган бензиннинг асосий қисми Россиядан импорт қилинади. Масалан, ўтган йили мамлакатимиз қарийб 750 минг тонна бензин импорт қилган бўлса, шунинг 510 минг тоннаси Россия ҳиссасига тўғри келган.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
10:03 / 11.07.2026
Россияда BMW рухсатсиз йиғилаётгани айтилди
09:19 / 11.07.2026
Россия Азов-Дон канали орқали кемалар ҳаракатини чеклади
08:56 / 11.07.2026
Украина Россиядаги стратегик объектларга зарбаларни кенгайтирмоқчи
20:34 / 10.07.2026