Жамият | 10:34
2526
2 дақиқада ўқилади

Кучли иссиқда ишловчилар қандай ҳуқуқларга эга?

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, кучли иссиқ шароитида меҳнат қилаётган айрим тоифадаги ходимларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин. Шунингдек, иш берувчилар дам олиш учун қулай шароит яратиши ва зарур ҳолларда ходимларни масофавий ишга ўтказиши мумкин.

Фото: Shutterstock

Қонунчиликка мувофиқ, май ойидан август ойигача бўлган даврда ҳаво ҳарорати 43 даража ва ундан юқори бўлса, кучли иссиқ ҳисобланади. Жанубий ва чўл ҳудудларида эса бу кўрсаткич 46 даража ва ундан юқори ҳароратни ташкил этади.

Бундай шароитда очиқ ҳавода ёки совитилмайдиган ҳамда иситилмайдиган ёпиқ хоналарда ишлайдиган ходимлар, шунингдек, юк ортиш-тушириш ишларида банд бўлган шахсларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин.

Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи ходимлар учун иситиш ёки совитиш ускуналари билан жиҳозланган, дам олишга яроқли хоналарни таъминлаши шарт.

Шу билан бирга, меҳнат шароитидан келиб чиқиб, иш берувчи қонунчиликда белгиланган тартибда ходимларни масофавий иш шаклига ўтказиши ҳам мумкин.

Мутахассислар эса аномал иссиқ кунларда зарурат бўлмаса куннинг энг иссиқ вақтларида ташқарига чиқмаслик, очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик ва организмда сув танқислиги юзага келмаслиги учун кўпроқ суюқлик истеъмол қилишни тавсия этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид