Туркияда аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги ҳуқуқлари 1934 йил 5 декабрда Мустафо Камол Отатурк ташаббуси билан тўлиқ эътироф этилган. Шу санада аёлларга сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи берилиб, мамлакатда тенг ҳуқуқли жамият шаклланишига йўл очилган. Орадан бир йил ўтмасдан турк аёллари парламентга ўз номзодлари билан кириб келган.
Туркиядаги янги воқелик — ўзбек келинлар сони ошиб бормоқда
Сўнгги йилларда турк фуқаролари билан турмуш қурган хорижлик аёллар орасида ўзбекистонликлар биринчи ўринни эгалламоқда. 2023 йил статистикасига кўра, Туркияга келин бўлган ҳар 10 нафар хорижлик аёлдан бири — ўзбек.
Бироқ шу билан бирга, уларнинг катта қисми Туркия қонунчилигидаги аёлларга тегишли ҳуқуқлардан хабардор эмас. Бу эса айни пайтда ҳуқуқий муаммолар, оилавий келишмовчиликлар ва турмушда босим ҳолатларида ўзбек аёлларини ҳимоясиз қолдириши мумкин.
Туркиядаги ҳуқуқий тизим Ўзбекистонникидан фарқ қилади. Шу боис мигрант аёллар учун никоҳ, мулк, меҳнат ва болалар ҳуқуқи бўйича қонун нормаларини билиш жуда муҳим.
Никоҳ ва оила ҳуқуқлари
Туркияда никоҳ — фақат диний маросим эмас, балки ҳуқуқий битим саналади. Қонунга кўра, эр-хотинлар тенг ҳуқуқларга эга.
Туркия Конституциясининг 41-моддаси: “Оила жамиятнинг асосидир ва эр-хотин тенглиги асосида қурилади.”
Турк фуқароси билан турмуш қурган аёл эркин юриш, ижтимоий ҳаётда қатнашиш, тадбирларга бориш, ўқиш ёки ишлаш ҳуқуқига эга. Эр уни уйда қолишга мажбур қилиш ёки ижтимоий алоқаларни чеклаш ҳуқуқига эга эмас. Аёл касб танлаш, карьера қилиш, таълим олиш ёки бизнес очиш учун эридан рухсат сўрашга мажбур эмас. Ҳомиладорлик сабабли ишдан бўшатиш ёки камситиш тақиқланган. Эр-хотиннинг никоҳдан олдинги мулки шахсий ҳисобланади. Никоҳ даврида олинган мулк эса, агар никоҳ шартномаси бўлмаса, умумий мулк сифатида қаралади. Ҳомиладорлик таътили, туғуруқдан кейинги таътил ва бола парвариши учун рухсат қонун билан кафолатланади. Ҳомиладор аёлни ишдан бўшатиш тақиқланган.










