Жамият | 09:25
1677
2 дақиқада ўқилади

Зангиотада солиқчи, Бувайдада муҳандис пора билан ушланди

Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва Фарғона вилоятининг Бувайда туманида пора олиш билан боғлиқ икки коррупциявий ҳолат фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда солиқ инспектори ва электр таъминоти корхонаси муҳандиси ашёвий далиллар билан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, Зангиота туманида халқ орасида Чинни бозор номи билан танилган «Хўжалик моллари ва ҳунармандлар савдо комплекси»да фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг дўконида солиқ текшируви ўтказилган.

Текширув давомида тадбиркор савдо тушумларини мобил иловалар орқали шахсий банк картасига қабул қилиб, уларни тадбиркорлик ҳисоб рақамига кирим қилмагани аниқланган. Шу ҳолатдан фойдаланган Зангиота тумани Солиқ инспекциясининг бош инспектори тадбиркорга 160 миллион сўм жарима қўлланишини айтиб, уни бартараф этиш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда солиқчининг топшириғига кўра тадбиркордан пулни олган воситачи ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунга ўхшаш ҳолат Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ҳам қайд этилди. ДХХ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман Электр таъминоти корхонаси муҳандиси тадбиркордан 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Тергов маълумотларига кўра, муҳандис қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи тадбиркорга ўз ҳудудидаги хўжалик юритувчи субъектларни мижоз сифатида йўналтириш, панелларни ўрнатиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва техник шарт олиб бериш эвазига жами 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид