Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
1000 метрли Jeddah Tower: бош муҳандис энг қийин вазифани очиқлади
Саудия Арабистонида барпо этилаётган Jeddah Tower осмонўпар биноси қурилиши муҳим босқичга яқинлашмоқда. Лойиҳа якунлангач, унинг баландлиги 1000 метрдан ошиб, ҳозирги рекордчи — 828 метрли Бурж Халифадан ҳам баланд бўлади.
Лойиҳанинг бош муҳандиси ва Thornton Tomasetti муҳандислик компанияси раҳбарларидан бири Жон Перонтонинг маълум қилишича, қурилиш ишлари ҳозирда суткасига 24 соат давом этмоқда. Мутахассислар бинодаги энг муҳим объектлардан бири — тахминан 160-қават баландлигида жойлашадиган Sky Terrace («Осмон террасаси») кузатув майдончасини қуриш босқичига яқинлашган.
Унинг сўзларига кўра, ушбу босқичга етиб бориш учун яна тахминан 60 ҳафта вақт талаб этилади. Бу бутун лойиҳанинг энг муҳим марраларидан бири ҳисобланади.
Айни пайтда Jeddah Tower қарийб 106-қаватгача қуриб битказилган бўлиб, унинг баландлиги 400 метрдан ошган. Муҳандиснинг айтишича, қурилиш суръати ҳафтасига ўртача тўрт метрни ташкил этмоқда. Шу темп сақланса, тахминан 25 ҳафта ичида бино 500 метрлик чегарадан ҳам ўтади.
Перонтонинг таъкидлашича, Jeddah Tower ҳозирги кунда Саудия Арабистонида амалга оширилаётган барча йирик мегалойиҳалар орасида энг илғор босқичга етган иншоот ҳисобланади. Агар қурилиш режага мувофиқ давом этса, осмонўпар бино 2028 йил август ойида тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Лойиҳага кўра, бино камида 167 қаватдан иборат бўлади. Эксплуатация қилинадиган қаватлар сони ҳали аниқ белгиланмаган бўлса-да, уларнинг сони 130 тадан анча кўп бўлиши, юқори қаватлар эса 160-қаватгача жойлашиши маълум қилинган.
Энг катта муҳандислик муаммоси — бетонни бир километр баландликка чиқариш
Жон Перонтонинг таъкидлашича, Jeddah Tower қурилишидаги энг мураккаб вазифалардан бири бетонни бир километр баландликка узлуксиз етказиб бериш ҳисобланади.
Унинг сўзларига кўра, бундай баландликка бетонни насос орқали узатиш дунёдаги бирор-бир бино қурилишида аввал ҳеч қачон амалга оширилмаган.
«Бу сайёрадаги исталган бино қурилишида қўлланган энг баланд бетон узатиш тизими бўлади», — деди бош муҳандис.
Дастлабки режага кўра, бетонни юқорига етказиш учун бир нечта оралиқ насос станцияларидан фойдаланиш кўзда тутилган эди. Бироқ муҳандислар замонавий технологиялар ёрдамида бетонни ягона насос тизими орқали бутун баландлик бўйлаб узатиш имконини топишган.
Перонтонинг фикрича, ана шундай юқори самарадорликка эга ва иқтисодий жиҳатдан мақбул технологияни ишлаб чиқиш бутун лойиҳадаги энг мураккаб муҳандислик вазифаларидан бири бўлган.
Jeddah Tower фойдаланишга топширилгач, у дунёдаги энг баланд бино мақомини қўлга киритиши ва замонавий муҳандислик ҳамда қурилиш технологияларининг янги рамзига айланиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
23:09 / 04.07.2026
Зарафшон дарёси “чегарадан чиқди”: темирйўл лойиҳасида бу ҳисобга олинмаганми?
19:48 / 03.07.2026
«Уйим реновацияга тушса нима бўлади?» – Энг долзарб саволларга жавоблар
15:44 / 25.06.2026
Қурилиш материаллари тармоғида кредитини тўлолмаётган корхоналар учун 50 млн доллар ажратилади
12:30 / 25.06.2026