Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Метронинг ерусти йўналишларида поездлар тезлиги пасайтирилди
Тошкентда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароити муносабати билан метронинг ерусти йўналишларида ҳаракатланувчи поездлар тезлиги вақтинча пасайтирилди. Чеклов йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда юқори ҳарорат таъсирида рельслар деформациясининг олдини олиш мақсадида жорий этилган.
«Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси маълум қилишича, республикада ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши натижасида ерусти темир йўл рельслари ҳарорати белгиланган меъёр — 55 даражадан юқорига чиқмоқда.
Шу муносабат билан 2026 йил 15 июлдан бошлаб амалдаги йўриқномага мувофиқ ерусти метро йўналишларида поездларнинг ҳаракат тезлиги ҳар куни соат 18:00 гача 60 км/соатдан 40 км/соатгача вақтинча чекланади.
Маълум қилинишича, мазкур чеклов поездлар ҳаракати интервалига ҳам қисман таъсир кўрсатади. Натижада ерусти йўналишларида метро поездларининг келиш вақти 14 дақиқагача узайиши мумкин.
«Тошкент метрополитени» ушбу вақтинчалик чеклов фақат ерусти метро йўналишларига тааллуқли эканини, ерости метро йўналишлари эса одатдагидек ишлашда давом этишини таъкидлади.
Корхона йўловчилар хавфсизлигини устувор вазифа сифатида баҳолашини ва хавфсиз, қулай ҳамда ишончли транспорт хизматини кўрсатишда давом этишини билдирди.