Жамият | 18:22
2424
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда бекатлар яна алмашмоқда: одамлар розими?

Пойтахтда автобус бекатлари бузилиб, ўрнига янги типдагилари ўрнатилмоқда. Янги бекатлар қишнинг совуқ, ёзнинг жазирама кунларида йўловчиларга нима бера олади? Сояси етмаганидан қуёшдан пана излаб ўзини ҳар ёнга ураётган одамлар бу янгилик ҳақида қандай фикрда? Kun.uz одамларга микрофон тутди.

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти инфратузилмасини яхшилаш мақсадида бошланган автобус бекатларини модернизация қилиш ишлари давом этмоқда. Пойтахт ҳокимлигига кўра, ҳозирга қадар 1000 дан ортиқ бекат янгиланган.

Жорий йил март ойи бошида Тошкент шаҳар ҳокими барча бекатларни ягона стандарт асосида босқичма-босқич модернизация қилиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, пойтахтдаги жами 2717 та бекатдан 1185 таси янгиланиши, шунингдек, улардаги ноқонуний савдо шохобчалари олиб ташланиши белгиланган.

Лойиҳа Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЕМ) томонидан мувофиқлаштирилиб, давлат-хусусий шериклик механизми асосида амалга оширилмоқда. Расмийларнинг таъкидлашича, янги бекатлар платформалари текис ва тўсиқсиз бўлиб, имконияти чекланган фуқаролар учун ҳам мослаштирилади. Шаҳар бўйлаб кунлик йўловчилар оқими ҳозирда 1,4 миллион кишини ташкил этмоқда ва йил якунига қадар бу кўрсаткични 2 миллион кишига етказиш режалаштирилган. Бу эса бекатларнинг сиғими ва қулайлигига бўлган талабни янада оширмоқда.

Расмий маълумотлар ортида қандай амалий ҳолат мавжудлигини аниқлаш мақсадида Kun.uz мухбири бир нечта бекатда бўлиб, йўловчилар фикри билан қизиқди.

Сўровнома давомида респондентларнинг аксарияти янги бекатларнинг "очиқ" ва "юпқа" конструкцияга эга эканидан шикоят қилди. Шунингдек, бекатларнинг қуёш, ёмғир ва бошқа ноқулай об-ҳаво шароитларидан етарли даражада ҳимоя қила олмаслиги асосий муаммолардан бири сифатида қайд этилди. Аксарият йўловчилар бекатлар замонавий дизайнга эга бўлса-да, амалий фойдаланиш нуқтайи назаридан етарлича қулай эмаслигини таъкидладилар. Айниқса, ёз ойларидаги юқори ҳарорат шароитида соябон майдонининг кичиклиги йўловчиларга ноқулайлик туғдираётгани таъкидланди.

«Қуёшли кун, иссиқ кунлари қуёшни қоп кетаётганлигини сабабли, сал кенгайтириш ҳам керак. Навес бўлса яхши, одамларга қулай бўлади-да», — дея изоҳлади йўловчилардан бири.

Яна бир респондент бекат конструкциясининг амалий жиҳатларига эътибор қаратиб, шундай деди:

«Бекатни орқа тарафига ўтиб, автобусни кутишга мажбур бўляпмиз. Бу остановкалар биттаси ҳам ярамас бўлади, ёмғир-қорда одамлар ҳаммасини уриб ташлайди».

Сўровнома иштирокчилари томонидан кўтарилган яна бир муҳим масала — бекатларнинг рақамли ахборот тизимлари билан тўлиқ жиҳозланмаганидир. Хусусан, GPS асосидаги реал вақт режимида автобусларнинг ҳаракатини кўрсатувчи электрон мониторларнинг етишмаслиги йўловчиларда ноаниқликни юзага келтириб, кутиш вақтининг ортишига сабаб бўлмоқда. Бу эса жамоат транспортидан фойдаланиш қулайлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Бу ерда GPS йўқ, бу ерда ўзбекчилик, мана шу йўлга қараб, томоша қилиб ўтиришади».

Бекатларда ўриндиқлар сонининг камлиги ҳам йўловчилар томонидан долзарб муаммо сифатида тилга олинди. Айниқса, ёши катта фуқаролар, ҳомиладор аёллар ҳамда ёш болалар билан ҳаракатланаётган йўловчилар узоқ вақт тик туришга мажбур бўлаётгани қайд этилди. Бу эса бекатларнинг инклюзивлик ва қулайлик талабларига тўлиқ жавоб бермаётганини кўрсатади.

«Скамейкалар ҳам кўпайтириш керак, чунки бу ерда ёши катта одамлар қийналади, кўп оёқда қолиб кетишади».

Интервьюлар давомида айрим бекатларда санитария ҳолати ва тозалик масалалари ҳам кўтарилди. Респондентларнинг таъкидлашича, чиқинди қутиларининг ўз вақтида бўшатилмаслиги ҳамда бекат ҳудудининг мунтазам тозаланмаслиги умумий муҳит сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолат нафақат эстетик кўринишни, балки йўловчиларнинг жамоат транспорти тизими ҳақидаги умумий таассуротини ҳам ёмонлаштирмоқда.

«Биринчидан, ҳозир бу ерни кўрганда ҳоли кайфият тушиб кетадиган даражада. Мусур идишлари йўлида қаралмаган, тоза эмас».

Севара Жабборова
Муаллиф Севара Жабборова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид