Жаҳон | 21:31 / 15.07.2026
1313
2 дақиқада ўқилади

Улкан динозавр скелети аукционда 50 миллион долларга сотилди

Аввалги рекорд 2024 йилда 44,6 миллион долларга сотиб олинган Апекс лақабли стегозавр скелетига тегишли эди.

Фото: Sotheby's/Facebook

Тахминан 67 миллион йил олдин яшаган Гас лақабли тиранозавр-рекс скелети Sotheby’s кимошди савдосида 50,1 миллион долларга сотилди.

Лот дастлаб 20-30 миллионга баҳоланган эди. Гас кимошди савдосида сотилган энг қиммат динозавр скелетига айланди.

Фото: AP

Аввалги рекорд 2024 йилда 44,6 миллион долларга сотиб олинган Апекс лақабли стегозавр скелетига тегишли эди.

Лот тавсифидаги маълумотларга кўра, унинг баландлиги деярли тўрт метр, узунлиги эса деярли 12 метрни ташкил этади. Бу энг йирик тираннозаврлардан бири бўлиб, унинг скелети 183 та суяк элементи ва камдан-кам учрайдиган қорин қовурғалари — 32 та гастралдан 30 тасини ўз ичига олади.

Гас скелети суяклар сони бўйича тахминан 61% ва оғирлиги бўйича 75-80% сақланиб қолган. Унинг бош суяги тахминан 82% сақланиб қолган бўлиб, у олтита тиш қаторининг барчасини ўз ичига олади.

Гаснинг скелети Жанубий Дакотадаги (АҚШ) хусусий чорвачилик ранчосидан топилди, у 2021 йилдан 2023 йилгача тўлиқ қазиб олинди. Динозавр ўз лақабини ранчо эгаси шарафига олган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид