Жаҳон | 08:52
2084
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрондаги ҳарбий объектларга янги зарбалар берди

АҚШ Қуролли кучлари Эрон ҳудудидаги ҳарбий ва инфратузилма объектларига қарши икки босқичли ҳаво ҳужумини амалга оширди. Зарбалар портлар, ҳаво мудофааси тизимлари, ракета ва дрон мажмуаларига қаратилган бўлса, Эрон жавоб тариқасида Баҳрайн ва Кувайтдаги АҚШ ҳарбий базаларига зарбалар берганини маълум қилди.

Фото: REUTERS

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, биринчи босқичда Америка ҳарбий-ҳаво кучлари Ҳўрмуз бўғози соҳилида жойлашган Сирик порти ҳудудидаги объектларга зарба берган. Шунингдек, Эроннинг йирик денгиз портларидан бири — Бандар-Аббосга уч марта ҳаво ҳужуми уюштирилган.

Эрон оммавий ахборот воситаларига кўра, Кешм ороли яқинидаги балиқ уни ишлаб чиқариш заводи ҳам ҳужум оқибатида қисман шикастланган.

Бундан ташқари, Хузистон вилоятидаги Аҳвоз шаҳри, шунингдек, Систон ва Балужистон вилоятларида жойлашган Расак шаҳри ва Кенарак порти атрофида ҳам портлашлар қайд этилган.

CENTCOM маълумотига кўра, иккинчи босқичда Эроннинг қўмондонлик пунктлари, ҳаво мудофааси тизимлари, ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари мажмуалари, шунингдек, қирғоқ кузатув объектлари нишонга олинган. АҚШ ҳарбийлари бу ҳужумлар Эроннинг тижорат кемалари ҳаракатига таҳдид солиш имкониятини янада чеклаш мақсадида амалга оширилганини билдирган.

Ҳозирча мазкур ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар борлиги ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Танкер ҳам нишонга олинди

АҚШ ҳарбийлари Форс кўрфазида Эрон порти томон ҳаракатланаётган нефт танкерига ҳам зарба берган.

CENTCOM маълум қилишича, Кюрасао байроғи остида ҳаракатланган M/T Belma танкери Харг ороли томон йўл олган. Кема огоҳлантиришларга амал қилмаганидан кейин АҚШ ҳарбий самолёти унинг тутун чиқарувчи қувурига Hellfire русумли ракета учириб, танкерни ҳаракатдан тўхтатган.

АҚШ 14 июлдан бошлаб Эрон портларига кираётган ёки улардан чиқаётган кемаларга нисбатан денгиз блокадасини қайта жорий этган. Марказий қўмондонлик маълумотига кўра, чекловлар кучга кирган дастлабки бир сутка ичида икки тижорат кемаси йўналиши ўзгартирилган, яна бир кемага нисбатан куч ишлатилган.

Эрон жавоб зарбасини берди

Эрон расмийлари АҚШ ҳужумларига жавобан Баҳрайн ва Кувайтда жойлашган Америка ҳарбий базаларига зарбалар берилганини маълум қилди.

IRIB телеканали хабарига кўра, Баҳрайндаги АҚШ Денгиз кучларининг Бешинчи флоти қароргоҳида камида ўнта портлаш содир бўлган. Mehr агентлиги эса Кувайтдаги АҚШ ҳарбий базаси ҳудудида ҳам портлашлар юз берганини хабар қилди.

Ҳужумлар ортидан Саудия Арабистони ва Иордания ўз ҳаво ҳудудининг бир қисмини вақтинча ёпган.

Эрон ахборот агентликлари, шунингдек, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳаво мудофааси кучлари АҚШга тегишли MQ-9 учувчисиз учиш аппаратини уриб туширганини даъво қилмоқда.

Жей Ди Вэнс: «Жараён тўғри йўналишда кетмоқда»

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Эрон билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолишини таъкидлар экан, Вашингтон танлаган йўлни тўғри деб баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, жараён тўхталишлар ва қайта фаоллашишлар билан кечиши мумкин, аммо умумий йўналиш ижобий ҳисобланади.

Вэнс шунингдек, АҚШ ҳозирда Эронга нисбатан иқтисодий босимни сақлаб қолаётгани, бир вақтнинг ўзида Теҳрон раҳбариятининг нисбатан прагматик вакиллари билан музокараларни ҳам давом эттираётганини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид