Ўзбекистон | 10:35
2003
3 дақиқада ўқилади

Беларусга 5 минг нафар ўзбекистонлик ишчи юбориш режалаштирилмоқда

Беларус ва Ўзбекистон ўртасида эришилган келишувлар доирасида Беларусьга 5 минг нафаргача ўзбекистонлик фуқарони ишга юбориш режалаштирилмоқда. Лойиҳа меҳнат миграцияси, инвестиция ва қўшма ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Фото: belta.by

Беларус президенти Александр Лукашенко ва Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Витебск вилоятига ташриф буюриб, икки мамлакат ўртасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Маълум қилинишича, мазкур режалар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8–9 июл кунлари Беларусьга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Александр Лукашенко Витебск вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш, зарурат туғилса, янги қайта ишлаш корхонасини биргаликда барпо этишга тайёр эканини билдирди.

«Бу биз учун ҳам манфаатли. Шу тариқа Витебск вилояти ривожланади. Биз биродарларча ишлаймиз», — деди Беларус раҳбари.

Учрашувда Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистон президентининг саломини етказиб, ўзбекистонлик мутахассислар учун яратилаётган меҳнат шароитлари учун миннатдорлик билдирди.

Лукашенконинг таъкидлашича, Беларусда меҳнат қиладиган ўзбекистонликлар уй-жой билан таъминланади, уларнинг фарзандлари эса маҳаллий болалар билан тенг шароитда мактаб ва боғчаларга қатнай олади.

Шунингдек, нафақат Витебск, балки Могилёв вилоятининг айрим туманларида ҳам ўзбекистонликларни қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда кичик тиббиёт ходими сифатида ишга жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, Витебск вилоятига Андижон вилоятидан дастлабки 255 нафар фуқаро етиб келган. Келишувларга мувофиқ, жами 5 минг нафар ишчи Беларусга юборилади. Улар сентябр ойидан бошлаб ҳар бири 500 кишидан иборат гуруҳлар таркибида босқичма-босқич ишга жўнатилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Беларус билан эришилган келишувларни амалга оширишга бағишланган йиғилишда меҳнат миграциясини тизимли ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Биринчи босқичда танлов асосида 1,1 минг нафар фуқарони Витебск ва Беларуснинг бошқа вилоятларидаги 13 та корхонага ишга юбориш режалаштирилган.

Бу жараённи мувофиқлаштириш мақсадида Витебск шаҳрида Ўзбекистон Миграция агентлигининг ваколатхонаси очилади.

Шу билан бирга, томонлар умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган 30 та янги қўшма лойиҳани шакллантирган. Улар чорвачилик, ёғочга ишлов бериш, логистика, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини қамраб олади. Йил охиригача Орша станциясида экспорт-импорт юкларига хизмат кўрсатувчи интермодал логистика марказини очиш ҳам режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид