Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бизнес-омбудсман Тошкент шаҳар ҳокимлигини огоҳлантирди
Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакили (Бизнес-омбудсман) Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг том қисмига ўрнатилган реклама конструкциялари демонтаж қилиниши билан боғлиқ вазиятни назоратга олганини маълум қилди. Идора реклама паспортлари қонуний кучида бўлган тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймасликка чақирди.
Низоли ҳолат юзасидан аввалроқ Kun.uz тарқатган хабарда айтилганидек, пойтахт ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти томонидан дизайн код кучга кириши билан кўп квартирали уйлар томидаги реклама конструкцияларини демонтаж қилиш борасида талабнома юборилган.
Kun.uz'га мурожаат қилган тадбиркор ҳокимлик томонидан 2030 ва 2034 йилгача муддатга берилган реклама паспортларининг бекор қилиниши нотўғри эканини айтганди.
14 июл куни Бизнес-омбудсман ушбу масалани назоратга олганини маълум қилди.
“Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, реклама жойининг паспорти — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бериладиган ҳужжат бўлиб, ушбу ҳужжат юридик ва жисмоний шахсларнинг ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) унда кўрсатилган ер участкасига, бинога ёки иншоотга, мулк шаклидан қатъи назар, ўрнатиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига кўра, манфаатдор шахсларга мажбуриятлар орқали қийинчилик туғдириш, фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланади.
Қолаверса, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қўлланилади”, – дейилади Бизнес-омбудсман баёнотида.
Ташкилот Тошкент шаҳар ҳокимлигига реклама паспортлари амалда бўлган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўймаслик, шунингдек, қабул қилинадиган қарорларда қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш юзасидан хулоса киритган.
Агар бу жараёнда тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатлари бузилса, Бизнес омбудсман ўз ваколатлари доирасида уларнинг ҳуқуқларини, жумладан, судларда ҳам ҳимоя қилишини билдирди.
Вазият бўйича пойтахт ҳокимлиги ва Адлия вазирлигининг изоҳи билан Kun.uz'нинг аввалги материалида танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
18:00
“Poytaxt Parking” атрофида мунозара: жарима, эътирозлар ва изоҳлар
17:09
“Турон” метро бекати томининг бир қисми қулаб, икки киши жароҳатланди
20:24 / 15.07.2026
Реклама қўнғироқлари ва хабарномаларидан ҳимоя кучайтирилади
14:23 / 14.07.2026