Жамият | 09:02
478
2 дақиқада ўқилади

Мустақиллик шоҳкўчасида ҳаракат схемаси вақтинча ўзгаради

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик шоҳкўчасида реконструкция ишларининг навбатдаги босқичи бошланиши муносабати билан транспорт ҳаракати схемаси вақтинча ўзгартиради. Таъмирланган йўл қисми ҳаракат учун очилса, кўчанинг қарши йўналишида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, Мустақиллик шоҳкўчасида йўл инфратузилмасини яхшилаш, транспорт оқимини тартибга солиш ва жамоат транспорти ҳаракати учун қулай шароит яратиш мақсадида қурилиш-таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Аввалги босқичда кўчанинг бир томонидаги қатнов қисми тўлиқ таъмирланиб, йўл қопламаси янгиланди. Шунингдек, кўча бўйлаб муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва бошқа инфратузилма объектларини такомиллаштириш ишлари ҳам давом этмоқда.

Энди эса кўчанинг иккинчи томонида таъмирлаш ишларини бошлаш учун ҳаракат тартиби ўзгартиради.

Шу муносабат билан 2026 йил 16 июл соат 01:00 дан 31 июл соат 22:00 гача Мустақиллик шоҳкўчасининг Паркент кўчаси кесишмасидан Мирзо Улуғбек кўчаси чорраҳасигача бўлган қатнов қисми транспорт воситалари ҳаракати учун вақтинча ёпилади.

Айни пайтда 16 июл соат 02:00 дан қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган Мирзо Улуғбек кўчаси кесишмасидан Оққўрғон кўчасигача бўлган йўналиш барча транспорт воситалари ҳаракати учун қайта очилади.

Маълум қилинишича, вақтинчалик чекловлар Мустақиллик шоҳкўчасини тўлиқ ва сифатли реконструкция қилиш, ҳаракат хавфсизлигини ошириш ҳамда ҳайдовчилар, йўловчилар ва пиёдалар учун замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини яратиш мақсадида жорий этилмоқда.

Масъуллар ҳайдовчилардан юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўраб, йўналишларини олдиндан режалаштиришни тавсия қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид