Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мустақиллик шоҳкўчасининг бир қисми 13 июлгача ёпилади
Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик шоҳкўчасида йўл инфратузилмасини яхшилаш ва таъмирлаш ишлари муносабати билан 13 июлга қадар транспорт воситалари ҳаракатига вақтинчалик чекловлар жорий этилади.
Маълум қилинишича, йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, транспорт оқимини тартибга солиш ҳамда жамоат транспорти ҳаракати учун қулай шароит яратиш мақсадида Мустақиллик шоҳкўчасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Шу муносабат билан 2026 йил 2 июл соат 01:00 дан 13 июл соат 06:00 га қадар Мустақиллик шоҳкўчасининг Мирзо Улуғбек кўчаси кесишмасидан Оққўрғон кўчасигача бўлган йўналишидаги қатнов қисми транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилади.
Қайд этилишича, йўлдаги юкламани камайтириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида қурилиш ишлари давомида қарама-қарши қатнов қисмида транспорт оқимига қараб вақти-вақти билан икки томонлама ҳаракат ташкил этилиши мумкин.
Масъуллар ҳайдовчилардан юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликлар учун узр сўраб, ҳаракат йўналишларини олдиндан режалаштиришни сўради.