Жаҳон | 10:31
1064
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон миграция назоратини кучайтирмоқда

2026 йил 25 июлдан Қозоғистонда патрул-пост хизмати ходимларининг хорижий фуқароларга нисбатан ваколатлари кенгайтирилади. Янги тартибга кўра, полиция хорижликларнинг мамлакат ҳудудида қонуний бўлиб турганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Фото: Kazpravda.kz/Талгат Аханов

Kazinform ахборот агентлиги маълум қилишича, Қозоғистон ички ишлар вазирининг буйруғи билан патрул-пост хизмати ходимларининг хорижий фуқаролар, дипломатик ваколатхоналар ва уларга тенглаштирилган муассасалар ходимлари билан мулоқот қилиш тартибига ўзгартишлар киритилган.

Янги қоидаларга кўра, полиция ходимлари хорижликлар билан хизмат вазифалари доирасидагина мулоқот қилади. Бу ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, транспорт ҳаракати бўйича маълумот бериш, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш масканлари ҳақида ахборот тақдим этиш каби вазифаларни ўз ичига олади.

Шунингдек, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳужжатлари текширилганда уларнинг чет эл паспорти, яшаш учун рухсатномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасининг амал қилиш муддати, визаси ҳамда Қозоғистонда қонуний бўлиб турганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар мавжудлиги ўрганилади.

Агар миграция қоидалари бузилгани аниқланса, полиция ходимлари Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс талаблари асосида тегишли чораларни кўради.

Янги тартибга мувофиқ, патруль-пост хизмати ходимлари хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш жараёнида миграция хизмати бўлинмаларига кўмаклашади ҳамда уларни давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларигача кузатиб боради.

Бундан ташқари, полиция ходимлари чет эллик йўловчининг поезд ёки самолётдан қолиб кетиши, хорижликлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликлар, ноқонуний миграция ҳолатлари ва ноқонуний муҳожирларни ташиш йўналишлари ҳақида зудлик билан навбатчилик қисмига хабар бериши шарт бўлади.

Мазкур ўзгартишлар аҳоли пунктлари ва шаҳар ташқарисидаги автомобиль йўлларида жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича патруль-пост хизмати фаолиятига оид йўриқномага ҳам татбиқ этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид