Технология | 09:25
2436
3 дақиқада ўқилади

Қуёш панеллари ва қўйлар Хитойда чўлни қайта тирилтирди

Хитойнинг Цинхай вилоятида жойлашган Талатан платоси бир пайтлар шамол эрозияси туфайли деярли ҳосилсиз ҳудуд ҳисобланган эди. Бугун эса бу ерда дунёдаги энг йирик қуёш электр паркларидан бири нафақат “яшил“ энергия ишлаб чиқармоқда, балки деградацияга учраган ерларни қайта тиклашга ҳам хизмат қилмоқда.

Фото: Hainan Prefecture

Тибет автоном округига қарашли Хайнан ҳудудида жойлашган Талатан платоси Хуанхэ дарёсининг юқори қисмидаги шамол эрозияси энг кучли бўлган ҳудудлардан бири саналган. 2012 йилгача бу ерда йилнинг икки ойидан ортиқ вақт давомида соатига 62–74 километр тезликда кучли шамоллар эсиб, қум ва шағал ҳар йили ўртача 10 метрга силжиб, мавжуд ўсимликларни йўқ қилиб борган.

Қуёш электр станцияси қурилиши бошланганидан сўнг вазият тубдан ўзгарди. Бугунги кунда қарийб 600 квадрат километр майдонга миллионлаб фотоэлектрик панеллар ўрнатилган.

Бу панеллар фақат электр энергияси ишлаб чиқарибгина қолмай, шамолга қарши табиий тўсиқ вазифасини ҳам бажаради. Улар ер сатҳидаги шамол тезлигини сезиларли даражада пасайтиради, намликнинг буғланишини камайтиради ва ўсимликлар ўсиши учун қулай микроиқлим ҳосил қилади.

Натижада панеллар остида ўт-ўланлар яна ўсиб чиқди. Маҳаллий ўрмон ва яйлов хизмати маълумотларига кўра, бу ерда ҳар гектардан йиллик ўт ҳосили ўртача 2,6 тоннага етган. Бу эса тахминан 100 минг бош қўйни озиқлантириш учун етарли ҳисобланади.

Бироқ ўсимликлар кўпайиши янги муаммони ҳам келтириб чиқарди. Баланд бўйли ўтлар қуёш панелларини соялаб, уларнинг самарадорлигини пасайтирган. Қишда қуриб қолган ўтлар эса ёнғин хавфини оширган.

Муаммо табиатнинг ўзи орқали ҳал қилинди. Ҳукумат «қуёш қўйлари» дастурини ишга тушириб, маҳаллий чўпонларга ҳар йили июндан октябргача қўйларини қуёш панеллари орасида бепул ўтлатишга рухсат берди.

Қўйлар ўтларни керакли баландликда сақлаб туради, уларнинг чиқиндилари эса тупроқни табиий ўғитлаб, янги ўсимликлар ўсишига хизмат қилади. Шу тариқа ўзини ўзи қўллаб-қувватлайдиган барқарор экотизим шаклланган. Қўйларни ўтлатиш жараёни қишлоқ хўжалиги кооперативлари томонидан қуёш электр станциялари эгалари билан келишув асосида назорат қилинади.

Талатан лойиҳаси замонавий технологиялар бир вақтнинг ўзида бир нечта муаммони ҳал қилиши мумкинлигининг ёрқин намунасига айланди. Лойиҳа чўлланишга қарши курашиш, қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш, табиий экотизимларни тиклаш ва маҳаллий аҳоли даромадларини ошириш вазифаларини ягона тизимда уйғунлаштирган.

Мутахассислар таъкидлашича, Талатан тажрибаси ҳатто яқин вақтгача унумсиз деб ҳисобланган ерлар ҳам тўғри ёндашув ва замонавий технологиялар ёрдамида тоза энергия, яшил яйлов ва барқарор иқтисодий ривожланиш манбаига айланиши мумкинлигини намоён этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид