Жаҳон | 13:30
1795
4 дақиқада ўқилади

Евгений Хмара Украина мудофаа вазири лавозимига номзод бўлди

Украина президенти Володимир Зеленский УХХ раҳбари вазифасини вақтинча бажараётган генерал-майор Евгений Хмарага мамлакат Мудофаа вазирлигини бошқаришни таклиф қилди. Президент зарур ҳуқуқий жараёнлар якунланганидан сўнг унинг номзодини Олий рада тасдиғига киритишини маълум қилди.

Фото: REUTERS

Украина президенти Володимир Зеленский 16 июл куни Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи генерал-майор Евгений Хмарани мудофаа вазири лавозимига номзод сифатида кўрсатиш нияти борлигини билдирди.

Зеленскийнинг Telegram орқали маълум қилишича, номзодни парламентга тақдим этишдан олдин қонунчиликда назарда тутилган барча юридик жараёнлар бажарилиши керак. Шундан кейин президент Олий рада депутатларидан Хмара номзодини қўллаб-қувватлашни сўрамоқчи.

Украина раҳбари ўз танловини Хмаранинг технологик ва узоқ масофали зарба амалиётларини ташкил этиш борасидаги катта тажрибаси билан изоҳлади.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина мудофаа тизими ҳозирги уруш шароитида айнан технологик амалиётлар, узоқ масофадан зарба бериш имкониятлари ва хавфсизлик тузилмаларида ички назоратни кучайтиришга эътибор қаратиши лозим.

Президент Хмаранинг УХХнинг «Алфа» махсус операциялар марказида шахсий таркибни бошқариш тажрибаси ҳам мудофаа вазири лавозимида муҳим устунлик бўлишини айтди.

Бироқ Хмаранинг номзодини ҳозироқ парламент овозига қўйиш имкони йўқ. Украина қонунчилигига мувофиқ, мудофаа вазири фуқаролик мақомига эга шахс бўлиши керак. УХХ раҳбари вазифасини бажараётган Хмара эса ҳали ҳам амалдаги ҳарбий хизматчи ҳисобланади.

Хабарда қайд этилишича, зарур юридик жараёнлар август ойининг ўрталаригача якунланиши мумкин. Шу вақтда Украина парламенти таътилдан сўнг ишини қайта бошлаши кутилмоқда.

Хмара Змеиний оролини озод этиш амалиётига раҳбарлик қилган

Зеленский Евгений Хмарани 5 январ куни УХХ раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаган. У бу вазифада Василий Малюкнинг ўрнини эгаллаган.

Хмара 2025 йил августидан УХХнинг «А» махсус бўлинмасига раҳбарлик қилиб келган. Бунга қадар у УХХнинг терроризмга қарши кураш бўйича Махсус операциялар марказини бошқарган.

Материалда келтирилишича, генерал-майор Россия қўшинлари эгаллаб турган Змеиний оролини Украина назоратига қайтариш амалиётига раҳбарлик қилган.

Шунингдек, Хмара мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари ичидаги коррупция ҳолатларига қарши курашиш тарафдори сифатида ҳам тилга олинади. Феврал ойида УХХ ички хавфсизлик ходимлари Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг логистика қўмондони ҳамда УХХнинг Житомир вилояти бошқармаси раҳбарини қўлга олгани хабар қилинган эди.

Тергов талқинига кўра, улар мудофаа иншоотларини қуриш учун ажратилган давлат маблағларини ўзлаштириш схемасини ташкил этган. Хмара ўшанда хавфсизлик хизмати ва мудофаа кучларида «ўзини ўзи тозалаш» сиёсати давом эттирилишини билдирган.

Узоқ масофали зарбаларга устувор аҳамият берилмоқда

25 июн куни Зеленский УХХнинг Россияга босим ўтказишга қаратилган 40 кунлик операциясини маъқуллагани хабар қилинган. Украина расмийлари «узоқ ва ўрта масофали санкциялар» атамасини Россия ҳудуди ва қўшиб олинган Қримдаги ҳарбий ҳамда энергетика объектларига ҳаводан зарба бериш амалиётларига нисбатан қўлламоқда.

Хмаранинг мудофаа вазири лавозимига танланиши ҳам Украина раҳбариятининг дронлар, масофавий зарба тизимлари ва технологик ҳарбий амалиётларга устувор аҳамият бераётгани билан изоҳланмоқда.

Аввалги вазир Сирский билан келишмовчилик ортидан кетган

Украина мудофаа вазири Михаил Федоровнинг истеъфоси ҳақида 15 июн куни маълум қилинган эди. У бу лавозимни январ ойидан буён эгаллаб келаётганди.

Зеленский кейинчалик Федоров ва Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский ўртасида турли даражаларда мунтазам келишмовчиликлар бўлганини айтган. Президентнинг сўзларига кўра, бу зиддият уларнинг самарали ҳамкорлик қилишларига тўсқинлик қилган.

Мудофаа вазирининг алмаштирилиши Украина ҳукуматидаги кенг кўламли ўзгаришлар фонида амалга оширилмоқда. 14 июл куни Олий рада Юлия Свириденко бошчилигидаги ҳукуматни истеъфога чиқарган.

Шундан сўнг Зеленский «Нафтогаз» раҳбари Сергей Корецкийни бош вазир лавозимига таклиф қилган ва парламент унинг номзодини маъқуллагани хабар қилинган. Янги ҳукумат таркиби ҳам тез орада тақдим этилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид