Ўзбекистон | 09:29
830
2 дақиқада ўқилади

Бонд омборларига қўйиладиган талаблар тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда бонд омборлари фаолиятини ташкил этиш ва юритиш тартиби тасдиқланди. Янги низом бонд омборларига қўйиладиган талаблар, уларни реестрга киритиш ҳамда божхона назорати ва расмийлаштируви тартибини белгилайди.

Фото: aktualno.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 июлдаги 388-сон қарори билан «Бонд омбори фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, бонд омборларини ташкил этиш, улар фаолиятини юритиш, товарларни омборга жойлаштиришда божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширишнинг ягона тартиби белгиланди.

Ҳужжатга кўра, бонд омбори фаолиятини амалга ошириш учун тадбиркорлар эркин омбор фаолияти бўйича лицензияга эга бўлиши ҳамда Бонд омборлари реестрига киритилиши лозим.

Бонд омборларида махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга сотиладиган чет эл товарларини сақлаш, товарларнинг бут сақланишини таъминлашга қаратилган операцияларни бажариш, шунингдек, оддий йиғиш ишларини амалга оширишга рухсат берилади.

Бонд омборлари реестрига киритиш учун бир қатор талаблар белгиланган. Жумладан, ариза берувчи амалдаги лицензияга эга эркин омборга эгалик қилиши, махсус электрон савдо платформаси билан ҳамкорлик ёки шериклик шартномаси тузган бўлиши ҳамда умумий майдони камида 15 минг квадрат метр бўлган яхлит эркин омборга эга бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, Божхона қўмитаси ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни улар келиб тушган кундан бошлаб 10 иш куни ичида кўриб чиқади. Кўриб чиқиш якунларига кўра, ариза берувчига бонд омборлари реестрига киритиш ёки киритишни рад этиш ҳақида расмий жавоб юборилади.

Янги тартиб электрон тижорат соҳасида товарлар логистикасини такомиллаштириш, божхона жараёнларини соддалаштириш ва бонд омборлари фаолиятини ягона қоидалар асосида ташкил этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид