Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳужжатсиз қолган аёл ва уч нафар фарзанди Ўзбекистонга қайтарилди
Россияда узоқ йиллар давомида қонуний мақомсиз яшаб, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси уч нафар вояга етмаган фарзанди билан ватанга қайтарилди. Бу жараён Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, Миграция агентлиги ва Россиянинг тегишли давлат идоралари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси кўмагида оғир аҳволга тушиб қолган А.С. уч нафар вояга етмаган фарзанди билан Ўзбекистонга қайтарилди.
Маълум қилинишича, фуқаро элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилиб, 15 йилдан ортиқ вақт давомида Россия ҳудудида қонуний мақомсиз яшаб келгани, шахсий ҳужжатлари ва молиявий имкониятлари йўқлиги сабабли фарзандларига муносиб шароит яратиб бера олмаётганини билдирган ҳамда ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Консуллик бўлими ходимларининг тезкор чора-тадбирлари натижасида Россиянинг тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда аёлнинг уч нафар фарзанди учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштирилди. Шунингдек, консуллик йиғимлари ундирилмаган ҳолда уларга Ўзбекистонга қайтиш учун зарур бўлган қайтиш гувоҳномалари берилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси кўмагида аёл ва унинг фарзандлари учун Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Москва–Урганч йўналиши бўйича авиачипталари харид қилиниб, уларнинг ватанга хавфсиз қайтиши таъминланди.
Қайд этилишича, ушбу амалий ёрдам хорижда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ватанга хавфсиз қайтишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар доирасида амалга оширилди.