Жаҳон | 22:18 / 18.07.2026
2779
9 дақиқада ўқилади

Хитой — АЖДАРҲО УЙҒОНДИ | SUBYEKTIV

“Made in China” — энг сифатсиз маҳсулотлардан дунё саноати гигантлигигача бўлган йўл. Шарқий Туркистон уйғурлари ва Ўзбекистоннинг хитой мусулмонлари ҳаёти. Шанхайдаги “никоҳ бозори” ёки ота-онагача ижара хизматлари. SUBYEKTIV биздан атиги 126 км узоқликда бошланувчи Чин мамлакати ҳақида ҳикоя қилади. Бу Хитойнинг Аватар тоғларига саёҳат ёки Буюк девор тарихи ҳақидаги кўрсатув эмас. Бу сафар бизга энг яқиндаги энг ривожланган давлатни субъективча кашф қиламиз.

Хитойни мақташ ҳам, қоралаш ҳам нотўғри. Чунки у бир вақтнинг ўзида ҳам мўъжиза, ҳам огоҳлантириш. Ундан ўрганадиган жиҳатларимиз, шу билан бирга чиқарадиган сабоқларимиз кўп. Биз далилларни санаймиз – хулоса эса ўзингиздан!

 “Арзон цех”дан “дунё фабрикаси”гача

Эсингиздами, болалигимиздаги хитойча маҳсулотлар энг кулгили, энг арзон ва энг сифатсиз бўларди. Чунки 80-90-йилларда Хитой ростдан ҳам “арзон цех” мамлакати эди-да. У пайтлар глобал дунё бозорини АҚШ, Япония ва Европа бошқарарди. Катта брендлар, банклар, технологиялар — ҳаммаси Ғарб қўлида эди. Хитойда эса арзон ишчи кучи, интизомли ва катта сонли аҳоли бор эди холос. Шундай пайтда дунё компаниялари маҳсулотларини сув текинга ишлаб чиқариш учун бу давлатга кира бошлади.

Хитой ҳам ўзининг арзон-гаров ролида тўхтаб қолмади. У ташқаридан заводларни ўз ҳудудига чақирди, кейин улардан технологияни, логистикани, экспортни ўрганди. Портни темирйўлга, темирйўлни бозорга, бозорни бутун дунёга улашга киришди ва дунё тажрибасини боплаб ўзлаштирди. Ҳаммаси назорат остида эди. Давлат йўналиш берди, бизнес тезлик берди, миллионлаб ишчилар эса бу тизимни ҳаракатга келтирди.

Хуллас, аждарҳо уйғонди! 80-йиллардаги “арзон цех” қисқа ўн йилликларда “дунё фабрикаси”га айланди. Қашшоқлари энг кўп мамлакат жуда тезлик билан 800 млн аҳолини камбағалликдан чиқариб, ҳаттоки дунёнинг энг кўп миллиардерлари яшайдиган давлат даражасигача етиб келди. Бу билан ҳам тўхтаб қолиш йўқ. Режага кўра, Хитой 2049 йилгача дунёнинг биринчи давлати бўлмоқчи.

Бугун Чин мамлакати Ер юзидаги электр энергиянинг учдан бир қисмини, ҳар ўнта электромобилдан еттитасини, бешта кондиционердан тўрттасини, ўн ўйинчоқдан еттитасини ишлаб чиқаради. Қуёш панели тайёрлаш занжирининг ҳар 5 босқичидан 4 таси, кийим-кечак экспортида ҳар уч доллардан бир доллари, ноутбуклар, смартфонлар, маиший техникаларнинг 80 фоизи Хитой улушига тўғри келади. Бутун дунёдаги пўлат, алюминий, цементнинг ярмини ишлаб чиқарадиган бу давлат глобал қурилиш ва техникалар нархига қанчалик таъсир қила олишини тасаввур қилаверинг. Бундай йирик рақамларни яна юзлаб санаш мумкин. Қизиқарли бўлиши учун сўрайман: шу ўтирган ҳолатингизда Хитойга алоқадор нечта маҳсулот ёнингизда турибди? Изоҳда ёзиб кетсангиз, мавзуни тўлдирган бўласиз. Олдиндан раҳмат!

Хитой қудратининг яна бир сири

Агар яхши таълим бўлмаганда Хитой ҳозир миллиардлаган қашшоқ ишчилар мамлакати ва уларни бегоналар бошқараётган давлат бўларди. Фарзанд катта қилиш шунчалик оғирки, олдин бир бола кўриш давлатнинг сиёсий талаби бўлган бўлса, энди бу иқтисодий талабга айланган. Чунки бир фарзанд учун 18 ёшгача бўлган харажат умумий ҳисобда 100 минг долларгача етиши мумкин. Бу кўрсаткич бўйича Хитой Жанубий Кореядан кейин дунёдаги энг қиммат мамлакат. Чунки бу ерда бола фақат оила аъзоси эмас, бутун келажак учун лойиҳа деб ҳам қаралади.

Хитойлик болалар эрта ёшдан рақобатга киришади. Одам кўп, энг кучли ва энг зўрларгина ҳаётини яхши тарафга ўзгартириши, сарфланган харажатларни оқлай олиши мумкин. Балки шунинг учундир, бу мамлакат ёшларининг IQ салоҳияти дунё бўйича энг юқори ўринларда.

Ўқиш босими ҳатто ўсмир қизларнинг ташқи кўринишигача таъсир қилади. Айрим мактабларда соч турмагигача назоратда. Қизлар орасида сочни тез йиғиш, “лаққа балиқ мўйлови” деб аталадиган икки ёнидан тутам қолдириш каби содда турмаклар оммалашган. Бу бир қарашда майда деталга ўхшайди. Аммо у Хитой таълим тизимида вақт, интизом ва рақобат қанчалик кучли эканини кўрсатади. Қизлар сочини чирой учун эмас, вақт тежаш учун йиғади. Чунки бу ерда ҳар бир дақиқа — имтиҳон, рейтинг ва келажак учун кураш.

Миллионлаб ўқувчилар бир имтиҳон — гаокао учун тайёрланади. Бу шунчаки университетга кириш имтиҳони эмас, кўпчилик ёшлар учун ҳаёт-мамот масаласи ҳам. Бу бир кунлик синов ортида бутун оиланинг умиди, йиллар давомидаги меҳнат, сарфланган пул ва келажак ҳақидаги қўрқув туради. Гаокао Хитой ёшлари ҳаётидаги энг катта руҳий босим манбаларидан бири деб қаралади.

Хитойнинг пуллари тузоқ(ми?)

Энди Хитой дунёга фақат товар сотмайди. У қарзга инфратузилма ҳам сотяпти. Танқидчилар тили билан айтганда бу “қарз тузоғи”. Бир қарашда бундай қарздорлик атайин қопқонга туширишга ўхшамайди. Лекин Хитой қарзни шундай берадики, охирги музокарада у кучли томон бўлиб чиқади.

Кўп давлатларда схема деярли бир хил: Хитой банки кредит беради, Хитой компанияси йўл, порт, электр станция ёки темирйўл қуради. Техника ҳам асосан у ердан келади. Агар лойиҳа яхши ишласа, давлат қарзидан қутулиб, инфратузилмага эга бўлади. Хитой компаниялари эса даромад қилади. Аммо муаммо шундаки, ҳар доим ҳам бу лойиҳалар ўзини оқламайди.

Энг машҳур мисол — Шри-Ланкадаги Ҳамбантота порти. Хитой пулига катта порт қурилди. Лекин кутилган даромадни бермади, қарз босими кучайди. Ниҳоят 2017 йилда порт 99 йилга Хитой компанияси бошқарувига берилди. Покистонда ҳам Гвадар порти Хитой компаниясига узоқ муддатга берилган. Тожикистонда Хитой компанияси қурган электр станцияси қарздорлиги ортидан олтин конларига эришилди. Қирғизистонда Бишкек ИЭС модернизацияси Хитой кредити ва пудратчиси билан қилинди, лекин кейин лойиҳа катта можаро ва қарз юкига айланди. Замбия ва Эфиопияда ҳам шу аҳвол.

Хитой давлатларга тўғридан тўғри босим қилмайди. Лекин муҳим стратегик объектларига ёрдам бераман деб қарзга ботириб, уларнинг устидан назоратни қўлга олади. У билан алоқаларда ҳар бир мамлакат сиёсатчиси мана шу нуқтада жуда ҳушёр бўлиши керак.

“Йиғилган” давлат

Ҳудудий жиҳатдан дунёнинг учинчи йирик мамлакати Хитой аслида бир нечта давлатлар, ҳозирги тил билан айтганда автоном-маъмурий ҳудудлар йиғиндиси. Хитойликлар фақат шу тилда гаплашадиган миллат эмас. Уларнинг ичида уйғур ва хуэй мусулмонлари, тибетликлар ва мўғуллар каби 56 та миллат ҳам бор. Биргина Шинжон, яъни 12 миллион туркий уйғур яшайдиган Шарқий Туркистоннинг ўзи Ўзбекистондан деярли тўрт барвар катта ҳудудда жойлашган. Агар у мустақил бўлганида йириклиги бўйича дунёнинг 17-давлати бўларди. Шунинг ўзиёқ Шинжон Хитой учун оддий автоном район эмас, балки Марказий Осиё ва Европага чиқадиган стратегик гигант эканини кўрсатади.

Ёки Хитойдаги Ички Мўғулистон автоном райони Ўзбекистондан 2,5 бараварга катта. У ерда яшайдиган мўғуллар Мўғулистондаги мўғуллардан ҳам кўпроқ. Мамлакатнинг деярли ярми Шарқий Туркистон, Ички Мўғулистон ва Тибет йиғиндисига тенг.

Хитой мусулмонлари, яъни хуэйлар ҳаёти, Шанхай никоҳ бозори, “Бир оила – бир фарзанд” сиёсати инқирози ва Хитойдан нима бизнеслар ўзлаштириш мумкинлиги ҳақидаги қолган маълумотларни филм видеосини томоша қилиш орқали билиб оласиз. Уйғуристон ҳақида эса тез орада 2-қисмда маълумот берамиз. Чунки Шарқий Туркистон бир кўрсатувда айтиб ўтиб кетиладиган кичик мавзу эмас.

Муаллиф: Сардорбек Усмоний

Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳаммаджон Ғаниев 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид