Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Ислом Каримов хотирасини ёд этишди. Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон Президенти қабри пойига гулдасталар қўйишди.
Сўнгра икки давлат раҳбарлари Жомбой туманидаги «Man Auto-Uzbekistan» заводига ташриф буюришди ва у ерда ўзбек-герман қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, ушбу заводда ишлаб чиқарилаётган техника намуналарини кўришди.
Шундан сўнг, Алмазбек Атамбоев янги Chevrolet Captiva автомобилига ўтириб кўрди.
Форумлар мажмуаси саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев ўртасида музокара бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдиргани учун миннатдорлик изҳор этди. Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига бўлган юксак ҳурмат ифодаси экани таъкидланди.
Қирғизистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади.

