Caption

ТИВ хабарига кўра, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш имконини берган, ўз ишини якунлаган «Ўзбекистон – Евроиттифоқ» ҳамкорлик кенгаши мажлисининг сермаҳсул ўтганлигини мамнуният билан қайд этдилар.

Учрашувда икки томонлама муносабатлар ҳозирги ҳолати ва мустаҳкамлаш истиқболлари, Ўзбекистон – Австрия кун тартибини кенгайтириш, аввало савдо-иқтисодий ва инвестицион соҳаларда ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, мунтазам вазирликлараро алоқалар, бошқа даражадаги учрашувлар давлатлараро муносабатларни ўзаро манфаатли асосда босқичма-босқич ошириш, ишбилармон доиралар, илмий-таълим муассасалари, маданият ва санъат вакиллари ўртасидаги алмашувларни рағбатлантириш имконини беради.

Шу нуқтаи назардан вазирлар Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Австрия табиий фанлар университети билан ҳамкорликда «Экспортга йўналтирилган менежмент» ва «Туризм ва меҳмонхона бизнесини бошқариш» каби замонавий мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрловчи қўшма факультет очилишини қўллаб-қувватладилар.

Вазирлар халқаро ва минтақавий сиёсатнинг айрим муаммоларини ҳам муҳокама қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа иттифоқи минтақаларда аҳолини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонга 25 млн евро ажратиши хабар қилинганди.