Маълум бўлишича, 22 ёшли йигит Telegram’да очилган «Гепатит «Б» хасталиги билан касалланган Акмалжонга ёрдам» каналига қўшилган. Беморнинг пластик картасига ёрдам учун пул ташлаб бермоқчилигини айтиб, алдов йўли билан керакли рақамларни билиб олган. Сўнг, пластик картада бўлган 2 миллион сўм пулни ечиб олган.

Тезкор суриштирувлар натижасида йигит ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари томонидан ушланган. Ундан 2 миллион сўм ва жиноятни содир этишда фойдаланилган Samsung A10 телефони ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Қайд этилишича, Акмалжонга жиноятчи олган пул тилхат асосида қайтариб берилган.

Жиноятни содир этган шахсга нисбатан, Косон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.