Марказий банк битта шахс номига бериладиган карталар сонини чеклаш ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Битта жисмоний шахсга битта банк картаси берилиши бўйича меъёрлар ўрнатилаётганлиги тўғрисида ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди.

Банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида банклар томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) карталар сонини (виртуал ва кобейджинг карталарини инобатга олган ҳолда) вақтинчалик битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласи кўриб чиқилмоқда», дейилади МБ хабарида.

Бунда ушбу талаб чет эл валютасида очилган банк карталарига нисбатан татбиқ этилмаслиги айтилган.

Марказий банк маълумотларига кўра, бугунги кунда жисмоний шахсларнинг қарийб 97 фоизи (22 млн) 5 тагача, 3 фоизи (770 минг) 5-20 тагача ҳамда 0,03 фоизи ёки 7 минг нафари 20 тадан ошиқ карталар расмийлаштирган.

Аввалроқ, Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев битта шахс номига бериладиган карталар сонини чеклаш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилганди.