Марказий банк битта фойдаланувчига расмийлаштириладиган банк карталари сонини чеклаши мумкин. Бу ҳақда 26 ноябр куни бўлиб ўтган медиа-мулоқотда МБ раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ҳамраевнинг айтишича, ҳозирда Ўзбекистонда фуқароларнинг битта паспортга очиши мумкин бўлган банк карталари сони қонуний жиҳатдан чегараланмаган. Бунинг оқибатида айрим мижозлар ўз номига бир неча юзлаб карта очиб олган.

«Бундай карталардан фирибгарлар пул маблағларини ўзлаштириш схемаларида фойдаланаётгани ҳам аниқланди. Марказий банк мутахассислари мақбул ечим топиш учун мазкур масалани таҳлил қилишяпти», деди у.

Регулятор расмийси карталар сонини нечтагача чеклаш таклиф қилинаётгани ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермади.