Шавкат Мирзиёев 23 январ куни Европа кенгаши президенти Антониу Кошта билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар беради президент матбуот хизмати. Мулоқотда икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти Антониу Коштани Европа кенгаши раҳбари лавозимига сайлангани билан самимий табриклаб, унга катта муваффақиятлар тилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани ва барча устувор йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

«Турли даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар олиб борилмоқда. 2024 йилда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард евродан ошди, Европа компаниялари билан лойиҳалар портфели 30 миллиард еврога етди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ўтган йили ўта муҳим минерал ресурслар соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланган. Транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик, «яшил» иқтисодиёт, маданият ва бошқа йўналишларда самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.

Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тез фурсатда имзоланиши ўзаро муносабатларнинг бутун мажмуини ривожлантиришга жиддий туртки бўлишига ишонч билдирилди.

«Ўзбекистон етакчиси ва Еврокенгаш раҳбари халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Жорий йил апрел ойида Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё—Европа Иттифоқи» биринчи саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинди», — дея қайд этилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари 2024 йил 27 июн куни кечқурун Брюсселдаги саммитда иттифоқ асосий институтларининг янги раҳбарларига овоз берганди. Овоз бериш натижасида Урсула фон дер Ляйен Еврокомиссия раиси бўлиб қолган, Европа кенгашига Португалиянинг собиқ бош вазири Антониу Кошта, Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизматига эса Эстония бош вазири Кая Каллас сайланган эди.