Ҳудудларда Корея давлатига ишга жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Жиззах вилояти. Фуқаро Қ.З. 8 минг доллар эвазига Кореяга юбориш учун ишчи визаси расмийлаштириб бериш ва ушбу давлатда ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган. У бу ишни гўёки Миграция агентлигида юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали амалга оширишини билдирган. Қ.З. айтилган пулдан олдиндан 3 минг доллар олганда департамент ходимлари ўтказган тезкор тадбирда ушланган.
Қашқадарё вилояти. Фуқаро Х.С. 165 млн сўм эвазига 2 нафар фуқарони Кореяга юбориш учун ишчи визасини расмийлаштириб беришини ваъда қилган. У ушбу пуллар ҳисобидан 7 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупцион схема фош этилганди.
