Ўзбекистон | 13:03 / 16.10.2021
6175
2 дақиқада ўқилади

15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети ташкил этилади 

Тошкент вилояти шаҳарлар сони бўйича мамлакатда биринчи ўринда туради. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда маълум қилди.

“Келажакда ушбу шаҳарлар мамлакатимиз пойтахти билан узвий боғланган ҳолда ривожланади. Авваламбор, Нурафшон шаҳри яқин 10 йилда камида 200 минг аҳоли яшайдиган, замонавий ва аҳоли учун қулай, таълим, тиббиёт ва бизнес маркази бўлган шаҳарга айлантирилади.

Бунинг учун, шаҳарда 30 минг аҳолига мўлжалланган замонавий “Янги Ўзбекистон” турар жой массиви барпо этилиб, унда 5 та мактаб, 12 та боғча, 2 та оилавий поликлиника ва жамоат парки қурилади. Шунингдек, 15 минг талабага мўлжалланган Нурафшон давлат университети ташкил этилади. Давлат-хусусий шериклик асосида 150 миллион долларлик замонавий кўп тармоқли тиббиёт маркази барпо этилади. 

Нурафшон шаҳридан пойтахтга олиб борувчи йўллар кенгайтирилиб, алоҳида йўлакда тезюрар электробуслар қатнови ташкил этилади. Бу орқали 2 та шаҳар ўртасида иш ва ўқишга қатнайдиган аҳоли учун қулай ва мунтазам транспорт қатнови йўлга қўйилади.

Шунингдек, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон ва Янгийўл шаҳарлари ҳудуди кенгайтирилиб, ҳар бирида “Янги Ўзбекистон” уй-жой массивлари, ижтимоий объектлар ва “яшил майдонлар” барпо этилади.

Бугунги кунда Чирчиқ шаҳрининг Ифтихор маҳалласида барча зарур қулайликлар ва ижтимоий инфратузилмага эга янги турар жой мавзеси бунёд этилиб, 2,5 минг хонадонли 39 та кўп қаватли уй қурилмоқда. Кейинги босқичда бу ерда яна 3,5 минг оилага мўлжалланган, 56 та замонавий уйлар барпо этилади. Ушбу тажрибани вилоятнинг бошқа шаҳарларида ҳам давом эттирамиз”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид