Ариқдан сув ичаётган қишлоқ ва туҳматчи ҳокимлик: Янгиқўрғон расмийлари Kun.uz'ни эски видео тарқатганликда айблади
Одамлар узоқдаги ариқдан сув ташиб ичаётган бир пайтда, Наманганнинг Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги «муаммо қолмаган» деб бонг уриб, муаммони ёритган ОАВга туҳмат қилиш билан банд.
Kun.uz 19 январь куни «Нанайликлар ҳали ҳам ариқдан сув ичмоқда. Ҳоким ўринбосари «муаммо ҳал бўлди» деганди» сарлавҳаси остида мақола ва видеокўрсатув эълон қилган эди.
Кўрсатувда Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғидаги тоза ичимлик суви муаммоси кўтарилган бўлиб, унда 2020 йил 12 январдаги танқидий мақоладан бир йил ўтиб, камчиликларни тузатишга қандай эътибор берилгани баён қилинади.
- 2020 йил январидаги мақола: «Ота-бобомиз шу сувдан ичиб келган». Янгиқўрғон ҳокимлиги мутасаддиси минглаб одамлар ариқдан сув ичишига хотиржам қарайдими?
- 2021 йил январидаги мақола: Нанайликлар ҳали ҳам ариқдан сув ичмоқда. Ҳоким ўринбосари «муаммо ҳал бўлди» деганди
Туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Муроджон Сотиболдиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда: «Нанай қишлоғида йўл ва сув бўйича муаммо қолмади», дея таъкидлаган. Аммо 2021 йил 12 январ куни Нанайга борган Kun.uz вакиллари ҳоким ўринбосарининг гаплари ҳақиқатдан йироқлигига гувоҳ бўлди.
21 январ куни Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати Telegram'даги расмий каналида шу мақолага муносабат билдирди.
Муносабатда 2020 йил давомида туманнинг чегара ҳудудларидаги ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилгани ҳақида ёзилган.
Расмий ахборотда Kun.uz мақоласида кўрсатилган «Дўстлик» МФЙ ҳудудига 2018 йилги «Обод қишлоқ» дастури асосида 7700 метр янги ичимлик суви тармоғи тортилгани, «Қайроқи» МФЙ ҳудудида мавжуд сув сақлаш омбори 25 млн сўмга тозаланиб, 100 млн сўмга 3900 метр ичимлик суви тармоқлари тортилгани ҳақида айтилади.
Ҳокимликнинг расмий изоҳи 7 абзацдан иборат ва ундаги фақат биттагина жумла алоҳида ажратилиб (тўқроқ шрифтда) кўрсатилган:
«... мухбир томонидан олинган видеолавҳалар бундан 1 йил олдин олинган лавҳалар», – дейилган алоҳида урғу қўйиб ажратилган гапда.
Ҳокимлик бу билан «Қайроқи» МФЙдан олинган кадрларни назарда тутган.
Аммо таъкидлаш керакки, Kun.uz 2021 йил январида эълон қилган видеонинг бошида бу репортажни уюштиришнинг асослари тушунтирилган бўлиб, 2020 йил январида расмийлар берган ваъдаларни эслатиш мақсадида бир йил олдинги видеодан қисқа кадрлар қўшилган.
«Мақсадимиз – Нанайни юз фоиз тоза ичимлик суви билан таъминлаш. Худо хоҳласа, 2020 йил биринчи чорагида таъминлаб берамиз», – деган «Янгиқўрғон қишлоқ ичимлик сув» раҳбари М.Мирсайдуллаевнинг 2020 йил январдаги сўзлари эслатилган 2021 йил январдаги репортажда.
Бу архив видео эканини билдириш учун кадрда 07.01.2020 санаси кўрсатилган. Интервьюдан кейинги кадрларда эса тўлиқ 2021 йил 12 январда тасвирга олинган видеолар жойланган бўлиб, буни кадр ортида айтилган: «Орадан бир йил ўтиб, биз яна Янгиқўрғон туманига бордик», деган гапдан англаб олиш қийин эмас.
Kun.uz мухбири Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати ходими Бекзодбек Собиров билан боғланди. Собиров ўша кунлари Нанайда «қор ёғмагани ва ариқлар музламагани» сабаб видеолавҳалар унда шубҳа туғдирганини айтди.
Суҳбатда давомида у: «Тўғри, интервьюлар шу кунларда олинган бўлиши мумкин. Лекин Kun.uz'нинг расмий Telegram-каналида берилган видеолавҳа(тизер)даги тасвирлар ўтган йилда олинган», дея таъкидлади.
Kun.uz мазкур такрорий ҳақидаги туҳматга жавобан шуни маълум қиладики, кўрсатувнинг Telegram'даги расмий каналимизда эълон қилинган тизеридаги кадрларнинг юз фоизи 2021 йилда тасвирга олинган.
Тизерда Қайроқи маҳалласида ариқдаги музни ёриб пақирда сув олаётган аёллар, Дўстлик маҳалласидаги аҳолининг эшак аравада бир километрдан музлаган ариқдан сув ташиётгани, Намуна маҳалласи фуқароларининг бир ярим метр чуқурликдаги ариқдан сув ташиётгани акс этган.
Kun.uz ижодий гуруҳи аҳоли мурожаати ортидан Нанайдаги муаммоларни ёритиш учун дастлаб 2020 йили 7 январда борган эди. Пандемия балоси Ўзбекистонга 2020 йилнинг март ойида кириб келгани барчага аён. Наҳотки, Янгиқўрғон ҳокимлиги мутахассисларини 2021 йилдаги видеолавҳаларда фуқароларнинг ниқоб тақиб олгани ўйлантирмаган бўлса?
Ўзи умуман, ОДАМЛАР ариқдан сув ичаётган бир пайтда, туман ҳокимлигининг бу туҳматлари, ҳоким ўринбосарининг бу ёлғонлари қайси қолипга сиғади?
Kun.uz воқеага янада ойдинлик киритиш мақсадида ўша куни Нанай қишлоғида мухбирларга йўлбошловчилик қилган Баёзбек Шарипов ва Дўстлик маҳалласида интервью берган Нодирбек Ғоибназаров билан боғланди. Ҳар иккиси ҳам туман ҳокимлигининг баёнотидан ҳайронлигини билдиришди.
Нодирбек Ғойибназаров Нанайда ўшандан кейин яна қор ёққани, ўша 12 январь куни пақир кўтаргани тасвирга тушиб қолган аёллар яна узоқдан сув ташиб қийналаётганини айтди.
Баёзбек Шарипов эса ҳокимлик вакиллари Қайроқи маҳалласида сув тизими тортишга бўлган уринишдан сўнг чала ташлаб кетилган чуқурлар мақола чиққан куннинг эртасига кўмилганини маълум қилди.
Хулоса ўрнида таъкидлашни истардикки, Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ОАВдан камчилик қидириш ўрнига, экотуризм маркази бўлган Нанай қишлоғини ичимлик суви билан таъминлаш ҳақида кўпроқ қайғурса мақсадга мувофиқ бўларди.
Мавзуга оид
12:32 / 08.09.2024
“Ўзсувтаъминот” муҳим эслатма билан чиқди
22:38 / 07.09.2024
Сувсиз Ўзбекистон. Эски мавзунинг янги тафсилотлари
18:20 / 24.08.2024
Тошкент вилоятида ичимлик сувидан ноқнуний фойдаланган корхона раҳбари 5 йилга қамалди
18:44 / 05.08.2024