Ўзбекистонда экологияни муҳофаза қилиш йўналишида сўнгги кунларда амалга оширилаётган тезкор чора-тадбирлар натижасида атмосфера ҳавоси қисман бўлса-да тозалангани сезилмоқда.
Экологиянинг бугунги ҳолати ва президент фармонида назарда тутилган ўзгаришлар юзасидан Ўзбекистон президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси, махсус комиссия раҳбари Азиз Абдуҳакимов брифинг орқали маълумот берди.
«Эндиликда аҳолига дарахт экиш ва парваришлашда янада қулайлик яратиш мақсадида ичимлик сувидан айнан ушбу мақсадга фойдаланишга қўйилган чеклов баҳор ва ёз даврида бекор қилинади», — деди Азиз Абдуҳакимов.
Шунингдек, у тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан маиший ҳаво тозалаш ускуналари Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилганда божхона божидан озод этилишини қайд этди. Мазкур чора-тадбирлар аҳоли учун қулай шароит яратиш, атмосфера ҳавосини яхшилаш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилгани таъкидланди.











