Ўзбекистон | 20:50 / 14.06.2017
31848
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон газ қазиб чиқариш бўйича дунёда саккизинчи ўринда туради

14 июнь куни Халқаро Пресс-клубда “Ўзбекнетфгаз: янги даврга янги стратегия билан” мавзусидаги навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Сессия давомида Ўзбекистондаги нефть ва газ соҳасидаги мавжуд вазият ҳамда соҳанинг истиқболлари, шунингдек янги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Cессияда “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг компанияси бошқарув раиси  Алишер Султонов, компания бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Саидов, компания бошқарув раисининг ўринбосари Олимхон Рустамов, “Нефтегазинвест” масъулияти чекланган жамият директори Баҳодир Сиддиқов ҳамда “Ўзбекнефтегаз” МХКнинг таркибий тузилмалари вакиллари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компаниялар раҳбарлари, соҳа экспертлари, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок  этди. 

Нефть-газ соҳаси ўзининг 25 йиллик тарихи давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий пойдеворларидан бирига айланди. Юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳам ўз-ўзидан ушбу соҳа тараққиёти билан бевосита боғлиқ.  

Тадбирда қатнашган "Кун.уз" ходими маълумотига кўра, унда нуфузли экпертлар Марказий Осиёдаги фойдали қазилмаларнинг учдан бири Ўзбекистон ҳудудида  жойлашганини таъкидлашган. Газ қазиб чиқариш бўйича мамлакатимиз дунёда саккизинчи ўринда туради.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтегаз” МХК таркибига кирувчи корхоналар томонидан  геологик қидирув, қазиб олиш, қайта ишлаш масаласида ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, қўшни давлатларнинг транзит лойиҳаларида ҳам иштирок этмоқда. 

Миллий холдинг компанияси 3 поғонали вертикал структурага эга бўлиб, унинг таркибидаги 200дан ортиқ корхоналарда 130 мингга яқин мутахассис фаолият юритади. Бой хом ашё базаси, юқори технологик имкониятлар ва хорижий компанияларнинг ҳамкорликка интилиши нефть ва газ соҳасининг ривожига ҳисса қўшди. Ўзбекистонга киритилаётган хорижий инвестицияларнинг катта қисми нефть ва газ соҳасига йўналтирилган.

Охирги йигирма йиллик “Ўзбекнефтегаз” МХК учун муҳим аҳамият касб этди. Айнан 2000-йиллардан йирик хорижий инвестициялар жалб қилиниши бошланди. 1991-2016 йиллар давомида умумий ҳисобда $30,7 млрд. ўзлаштирилди.

Мавзуга оид