Ўзбекистон | 16:48 / 29.05.2018
6955
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари ягона тақвими бўйича қарор қабул қилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимига куйидаги халқаро ва республика миқёсида ўтадиган тадбирлар киритилиши мумкин:

халқаро конференциялар, семинарлар ва анжуманлар;
миллий ва халқаро кўргазмалар ҳамда ярмаркалар;
миллий чолғулардан иборат турли концертлар;
спорт мусобақалари ва тадбирлари;
амалий санъат намуналари намойишлари;
миллий ҳунармандчилик йўналишидаги тадбирлар;
оммавий театр-томоша ва миллий ўйинлар намойишлари;
туризм ва маданий мерос объектларидаги тадбирлар;
бошқа маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари.

Маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларини молиялаштириш ижрочилар ва ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Қуйидагилар тақвимни шакллантиришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирлари тўғрисида хорижий сайёҳларнинг аввалдан тўлиқ маълумотга эга бўлишини таъминлаш;

туризм соҳасида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига туризм хизматларини шакллантириш ва ушбу хизматларни кўрсатиш учун ахборот базасини яратиш;

республика ҳудудида ўтадиган халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, спорт мусобақалари ва тадбирлар, амалий санъат намуналари намойиши, миллий ҳунармандчилик йўналишлари асосидаги тадбирлар, оммавий театр-томоша ва миллий ўйинлар намойишларида ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларда хорижий меҳмонларнинг иштирокини таъминлаш;

республикага келаётган хорижий сайёҳлар оқимининг кўпайишига, ички ҳамда ташқи туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш;

халқаро туризм бозорида “Ўзбекистон” брендининг кенг миқёсда тарғиб қилиниши ҳамда ёритиб борилишини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маданий-кўнгилочар ва оммавий спорт тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириб, ҳар йили 15 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комплекси раҳбарига тасдиқлаш учун тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳар йили 1 январга қадар интерактив шаклдаги тақвим шакллантирилишини ҳамда доимий равишда Интернет жаҳон ахборот тармоғи, шу жумладан ижтимоий тармоқлар орқали сайёҳлар учун кенг миқёсда тарқатилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид