Ўзбекистон | 15:31 / 14.03.2026
1676
2 дақиқада ўқилади

Ҳар икки йилда 3 минг нафар статистика мутахассиси ўқитилади

Ўзбекистонда миллий статистика тизими самарадорлигини ошириш, соҳа мутахассислари салоҳиятини кучайтириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди. Бу президентнинг “Миллий статистика тизими мутахассислари малакасини ошириш ҳамда соҳага рақамли технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш орқали юқори самарадорликка эришиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

Фото: Getty Imagеs

Ҳужжатга кўра, мазкур қарорнинг асосий мақсадларидан бири ҳар икки йилда 3 минг нафар миллий статистика тизими мутахассисини ўқитиб бориш имкониятини яратишдан иборат. Бу орқали соҳада фаолият юритаётган кадрларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам янгилаб бориш, замонавий статистик ёндашувларни амалиётга кенг татбиқ этиш ҳамда маълумотлар билан ишлаш сифати ва тезкорлигини ошириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, қарорда яширин ва креатив иқтисодиётни баҳолаш мақсадида статистика методологиясини такомиллаштириш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу эса иқтисодиётнинг турли соҳаларида кечаётган жараёнларни янада аниқ ва тўлиқ баҳолаш имконини беради.

Қарор билан Миллий статистика қўмитасининг Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти фаолиятининг устувор йўналишлари ҳам тасдиқланди. Мазкур институт келгусида статистика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, амалий билимларни кучайтириш ва соҳадаги замонавий эҳтиёжларга жавоб берадиган таълим дастурларини йўлга қўйишда муҳим ўрин тутади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб институтда вазирлик ва идораларнинг маъмурий маълумотларни юритиш, статистика услубиётларини ишлаб чиқиш ва очиқ маълумотлар портали билан ишлашга масъул ходимлари учун ҳар икки йилда шартнома асосида 48 соатгача бўлган малака ошириш курслари ташкил этилади.

Бундан ташқари, статистика ҳисоботларини тақдим этувчи субъектлар, жумладан, тадбиркорлар учун ҳам зарур амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган ўқув курслари йўлга қўйилади. Бу эса статистик ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этиш жараёнларини соддалаштириш, маълумотларнинг сифатини ошириш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг бу борадаги хабардорлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур қарор миллий статистика тизимини замон талаблари асосида янада такомиллаштириш, соҳада рақамли ечимларни кенгайтириш ва инсон капиталига сармоя киритиш орқали юқори самарадорликка эришишга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид