Харидорларсиз қолаётган бу деҳқон бозори ҳақида Kun.uz’да уч йилча аввал ҳам маҳаллий савдогарларнинг мурожаатлари эълон қилинган эди.
2017 йилда Узун шаҳарчасини кесиб ўтган марказий йўл устидаги, Обизаранг Дарёси соҳилида жойлашган аҳоли учун қулай жойдаги, халқ тилида «Чуқур бозор» деб аталувчи деҳқон бозори бузилади.

Бунга сабаб қилиб, бозор ҳудуди кичкиналиги, йўлларда автомашина кўпайиб, тирбандлик ҳосил бўлаётгани, шунингдек, бозор Обизаранг дарёсининг муҳофаза зонасида жойлашгани кўрсатилган. Баҳорнинг бугунгидек серёғин кунларида эски бозорни сел босиши ҳам тез-тез кузатиладиган ҳодиса эди.

Хуллас, жуда баракали эски бозор ўрни бошқа тадбиркорга берилган. Тадбиркор эса Обизаранг дарёсининг муҳофаза зонасига риоя қилган ҳолда у жойда ҳозир савдо маркази ва овқатланиш корхонаси қурган бўлса-да, аввалги гавжумликдан асар қолмаган. Бозор рўпарасидаги баҳайбат қадимий чинорлар билан тўла оталар чойхонаси ҳам бузиб юборилган. Энди бу жой ёймачиларга раста, таксичиларга «стоянка» бўлиб хизмат қилмоқда.


Савдогарлар эса ўша баракали бозор атрофига сочилиб, турли дўконларнинг олдидаги йўлларда, тротуарларда савдо қилишмоқда. Буни гўё чумолининг уясини бузишга ўхшатиш мумкин. Бозор бузилиб, барака ҳам қочгандек.
Эски бозор эвазига янгиси ундан қарийб 1 км нарида — Узун шаҳарчасининг четроғида қурилди. Кенг майдонда озиқ-овқат расталари ва кийим-кечак дўконлари барпо этилди. Эски бозорга қўшни Сариосиё туманидан ҳам харидорлар келиб турган бўлса, янгисига узунликларнинг ўзлари ҳам боришни исташмади. Дўконлар ҳувиллаб ётибди, расталар эса савдогар ва харидорларга илҳақ.



















