Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент шаҳрига кириш жойларида автотураргоҳлар қурилади
Келаси йили Тошкент шаҳрига кириб келиш нуқталарида камида 9 мингта автомобилга мўлжалланган тураргоҳлар қурилади, 2 та пост шаҳар ташқарисига кўчирилади, дея маълум қилди президент Шавкат Мирзиёев. Бу автотураргоҳлар жамоат транспорти билан боғланади: пойтахтга келаётганлар агар хоҳласа машинасини шаҳарга киришда қолдириб, жамоат транспортига чиқиши мумкин бўлади.
Фото: Kun.uz
Тошкент шаҳрини ривожлантириш масалалари юзасидан 16 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги транспорт тизими ҳақида ҳам сўз юритди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, келаси йили шаҳарга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчади, 3 таси реконструкция қилинади. Бу ерларда камида 3,5 мингта юк ва 5,5 мингта енгил автомобил учун тураргоҳлар ҳамда аҳоли учун кемпинглар барпо этилади.
Асосийси, бу нуқталарга жамоат транспорти тармоғи боғланади. Пойтахтга келаётган меҳмонлар истаса, автомобилини шаҳарга киришда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Шаҳар ҳокимлигига келгуси йилда ягона бошқарув тизимига эга светофорлар билан жиҳозланган 100 та “ақлли” чорраҳани йўлга қўйиш, тадбиркорлар билан 30 мингта автомобил тўхташ жойи қуриб, 300 та бекатни реконструксия қилиш, 40 километр пиёда ва 20 километр велойўлаклар қуриш, 100 километр йўлни таъмирлаб, Юнусобод ва Яшнободда йўл ўтказгич ва туннел барпо этиш топширилди.
Келгуси йилда 200 та электробус олиб келиш вазифаси ҳам қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, декабр ойи бошида Тошкент шаҳрида транспорт бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликни камайтириш бўйича президент қарори имзоланган эди.
Унга кўра, йирик мегаполислар каби Тошкентда ҳам транспорт тизимини ягона ёндашув асосида бошқарадиган марказ фаолияти йўлга қўйилади. Бу марказ ҳар бир кўча, ҳар бир чорраҳада транспорт ва пиёдалар оқимини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш билан шуғулланади.
Мавзуга оид
19:10 / 18.12.2025
ЎзМУ қошида Назарий физика институти ташкил этилади
12:53 / 18.12.2025
Тошкент–Лондон ҳаво қатнови кенгайди: ҳафтасига 5 та рейс
08:50 / 18.12.2025
Тошкент, Самарқанд ва Гулистонда 3 нафар адвокатнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди
22:32 / 17.12.2025