Ўзбекистон | 18:42 / 05.12.2025
10940
4 дақиқада ўқилади

Президент қарори: Тошкентда тирбандликларни камайтириш чоралари тасдиқланди

Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази очилиб, унга қатор ваколатлар берилди. Марказ – пойтахт интеллектуал транспорт тизимининг оператори бўлади. Бу тизим 2027 йил 1 февралгача тайёр бўлиши керак. У орқали, жумладан, автомобилларнинг экологик стикери рангига мос бўлмаган зоналарга кириши автоматик равишда чекланади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида тирбандликларнинг олдини олиш юзасидан президент қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, “Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази” МЧЖ ташкил этилмоқда.

Марказ қуйидагилар билан шуғулланади:

  • замонавий рақамли ва “яшил” технологияларни қўллаш орқали Тошкент шаҳрида транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимини узлуксиз мониторинг қилиш асосида йўл ҳаракатини ташкил этиш, бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, тирбандликларнинг олдини олиш ишларини самарали амалга ошириш;
  • илғор халқаро тажрибага асосланган шаҳар автомобил йўллари тармоғи, кўчалар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва самарадорлигини баҳолаш;
  • йўл ва транспорт соҳаларидаги барча объектлар ҳамда жараёнлар тўғрисидаги ягона маълумотлар базасини, шу жумладан, Тошкент шаҳрининг транспорт мастер режасини яратиш ва улар асосида шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;
  • энг яхши халқаро амалиётларни қўллаган ҳолда йўл ва транспорт соҳалари билан боғлиқ бўлган барча муассаса ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш, шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланишни камайтириш ва аҳоли микромобиллигини қўллаб-қувватлаш орқали экологик вазиятни яхшилаш;
  • йўл ва транспорт соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш, инвестиция ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш;
  • йўл-қурилиш, ободонлаштириш ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари махсус техникалари ҳаракатланиши, бажарган ишлари тўғрисида ва бошқа маълумотларни Тошкент шаҳрининг интеллектуал транспорт тизимига интеграция қилиш ва таҳлил қилиш орқали транспорт ишлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳисобига бюджет маблағлари сарфланиши самарадорлигини ошириш;
  • йўлбўйи пулли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш ва тартибга келтиришга кўмаклашиш;
  • ҳудудлардан кириб келадиган асосий автомобил йўлларидаги жамоат транспорти бош бекатлари (автобус ва метро) кесишмаларида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил қилиш;
  • ерусти метро линиялари ҳамда йўл ўтказгичлари остида, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда, автотураргоҳлар ташкил қилиш;
  • йўл ҳаракати иштирокчиларининг транспорт маданиятини ошириш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари профилактикасига доир бошқа тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган тарғибот ишларини олиб бориш.

Вазирлик ва идораларнинг айрим ваколатлари 2028 йил 31 декабргача бўлган муддатга, ҳуқуқий эксперимент тариқасида Марказга ўтказилади.

Интеллектуал транспорт тизими

Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази – ҳозирда Рақамлаштириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган Тошкент шаҳри интеллектуал транспорт тизимининг техник буюртмачиси ва оператори ҳисобланади. Вазирлик тизимни 2027 йил 1 февралга қадар тайёрлаб топшириши керак.

Пойтахтнинг интеллектуал транспорт тизими қуйидагиларни назарда тутади:

  • видеокузатув воситалари ва сенсорлардан фойдаланган ҳолда транспорт, пиёда ва йўловчи оқимлари тўғрисида маълумотлар йиғиш;
  • транспорт ва пиёда (жумладан, индивидуал ҳаракатланиш воситаларини) оқимларини таҳлил қилиш асосида светофор объектларини бошқариш, шу жумладан, светофор фазаларини автоматик тарзда мослаштириш;
  • агар ҳаракат жадвалидан четга чиқилса, махсус (тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги хизмати, йўл-патруль хизмати) ва жамоат транспорти воситалари ҳаракатининг устуворлигини таъминлаш;
  • автотранспорт воситалари, шу жумладан, махсус техникалар ҳаракатини мониторинг қилиш, қурилиш ҳамда махсус техникаларнинг махсус механизм ишини назорат қилиш;
  • юк ташиш қоидаларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мақсадида транспорт воситаларининг оғирлик ва ҳажм кўрсаткичларини назорат қилиш;
  • Интеллектуал транспорт тизимини Экология қўмитасининг Ситуацион марказига интеграция қилиш ҳамда автотранспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини автоматик баҳолаш тизими ёрдамида экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган автотранспорт воситаларини аниқлаш тизимини йўлга қўйиш;
  • Йўл-транспорт ҳодисаси хавфи юқори бўлган ҳудудларни аниқлаш, улар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва бошқалар.

Қарор билан, Тошкент шаҳри транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

Мавзуга оид