Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мудофаа қўшинларида “психолог”, “етакчи социолог” лавозимлари жорий этилади, вазирлик театр-студияси очилади
Бугун, 6 август куни Қуролли Кучлар академиясида шу йилнинг 4 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Абдусалом Азизов раислигида ўтган ушбу йиғилишда вазирликнинг мутасадди ходимлари, қарор билан қабул қилинган Концепцияни амалга ошириш бўйича республика идоралараро комиссия аъзолари, ҳокимликлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Мудофаа вазири қарордан келиб чиққан ҳолда амалга ошириладиган ислоҳотлар ҳақида гапирди.

«Мудофаа вазирлиги қўшинларида “психолог”, “етакчи социолог” ва “ҳарбий қисм командирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси” лавозимлари жорий этилади.
Шу пайтга қадар Горнизонлардаги “Офицерлар уйи”, ҳарбий қисм ва муассасалардаги “Клублар” – “Маънавият ва маърифат марказлари” ҳамда “Маданият марказлари”га айлантирилади. Шунингдек, вазирликнинг “Турон” театр-студияси фаолияти йўлга қўйилади.
Қуролли кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчиларга ҳамда фуқароларга ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун топшириладиган “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилади.
Қуролли Кучлар тизимида ҳафтанинг ҳар жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди ва шу кунларда ўтказиладиган маънавий маърифий тадбирларга катта эътибор қаратилади.
“Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор ва ундан келиб чиқиб бошланган ислоҳотлардан кўзланган мақсад: қўшинларда соғлом маънавий-аҳлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчиларнинг билими, маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда Ватан тақдири ва келажаги учун дахлдорлик, масъулият, садоқат ва ватанпарварлик ҳиссини оширишдир», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 28 август куни Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида сайёр видеоселектор ўтказилган эди. Унда ғоявий-бадиий савияси етук, замонавий талабларга жавоб берадиган ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги бадиий ва мусиқий асарлар, ҳарбий, тарихий мавзудаги кинофильмлар яратишда фаоллик етишмаслиги танқид қилинган, бу йўналишда нафақат Жамоатчилик кенгаши, балки мамлакатимиз ижодкор зиёлилари, етакчи адабиёт ва санъат арбоблари, янгидан тузилган Республика маънавият ва маърифат маркази биргаликда самарали фаолият олиб бориши кераклиги таъкидланган эди.
Мавзуга оид
17:49 / 24.04.2026
«Гўшт ва картошкадан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак» – президент
16:59 / 24.04.2026
13 та туман ҳокимига интизомий чора кўрилади
16:21 / 24.04.2026
Президент қатор ҳокимларни танқид қилди
17:40 / 27.01.2026