Жаҳон | 13:55 / 12.10.2024
6887
8 дақиқада ўқилади

Исроилнинг асл мақсадлари, Эроннинг қўшниларга таҳдиди ва Шолцнинг Украинага ваъдаси — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазо секторидаги турар жойларга Исроилнинг навбатдаги авиазарбаларидан сўнг 21 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Фаластиннинг WAFA информацион агентлиги хабарига кўра, Исроил ҳарбий самолётлари Ғазо секторининг турли нуқталаридаги турар жойларга ракета зарбалари берган.

Секторнинг жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўлдирилган 6 фаластинликнинг жасади Хон Юнусдаги Европа шифохонасига келтирилган. Вертолётлар Рафаҳнинг аҳоли истиқомат қиладиган туманларига артиллерия зарбалари билан ҳамкорликда ўт очган.

Исроил Ғазонинг шимолига янги кенг кўламли босқинни эълон қилди. Камида 400 минг фаластинликларни оммавий эвакуация қилиш талаб қилинмоқда.

Исроил шунингдек, Камол Адван ҳамда Индонезиянинг «Ал-Ауда» шифохоналарини ёпиш билан таҳдид қилмоқда. Натижада, шундоқ ҳам камтарона тиббий хизматдан фойдаланаётган минглаб касал ва ярадор фаластинликлар шифо топишдан мосуво бўлишади.

БМТ маълумотларига кўра, Исроил қамали туфайли бу ҳудудга инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан, тоза сув, озиқ-овқатлар ва дори-дармонлар етказилмаяпти.

Исроил ҳарбий вакилининг сўзларига кўра, сўнгги зарбалар «ҲАМАСнинг қайта гуруҳланишининг олдини олиш» мақсадида ўтказилган. Ҳолбуки, аввалроқ Исроил бир неча марта Ғазода ҲАМАС яксон қилинганини таъкидлаган эди.

Ғазода Исроил агрессияси қурбонлари сони 42 минг 126 нафарга етган. Сўнгги сутка ичида 61 киши ўлдирилган, 251 киши яраланган.

Исроилнинг ҳарбий жиноятлари

Amnesty International Исроил ўзининг ҳарбий жиноятлари ва геноцидини яширишда давом этаётганини таъкидлаган.

Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти вакили Аҳмад Каруга кўра, Исроил журналистларнинг Ғазо секторига киришига монелик қилиб, ўз жиноятларини яширмоқда.

Тунис пойтахтида Amnesty International «Фаластин овози: эркинлик кўланкалари ва инсон ҳақлари учун чорлов» мавзусида конференция ўтказган.

«Хорижий журналистларга Фаластин ҳудудига, хусусан Ғазога киришга тақиқ қўйиб Исроил оккупацион ҳукумати тинч аҳолига нисбатан ҳарбий жиноятларни, геноцидга тенг жиддий қонунбузарликларини яширишга интилмоқда», — деган Каруд.

Унинг таъкидлашича, журналистнинг Фаластиндаги вазифаси нафақат янгиликлар узатишдан иборат. «Журналист воқеаларнинг гувоҳи ҳам саланади, шу сабабли Исроил ўзининг ваҳшийлигига гувоҳ бўлмаслиги учун журналистларни Ғазога киритмаяпти», деган Каруд.

Исроил Фаластиндаги 800 мингдан зиёд зайтун дарахтини йўқ қилгани ҳам маълум бўлди.

1967 йилдан буён Исроил ва яҳудий кўчкиндилари оккупация қилинган Фаластин ҳудудларида 800 мингдан зиёд зайтун дарахтларини ноқонуний йўқ қилгани айтилмоқда. Бу дарахтларнинг катта қисми асрлар оша ўсиб келган.

Исроилнинг асл мақсадлари

Исроилнинг радикал ва ултраўнг миллатчи молия вазири Бецалел Смотрич синоистик мафкуранинг мақсадларидан бирини ошкор этиб, янги ҳудудларни босиб олишга чақирди.

Arte Reportage томонидан тайёрланган «Исроил: ҳукумат тепасидаги экстремистлар» ҳужжатли филмида Бецалел Смотрия нафақат бутун Фаластин ерларини, шунингдек, Сурия пойтахти Дамашқ шаҳрини ва бошқа араб давлатларининг ерларини оккупация қилиш истагини билдирган.

«Мен улкан яҳудийлар давлатини истайман. Бу давлат яҳудий халқининг қадриятлари бўйича ҳаракат қилади», — деган Смотрич.

Интервю олаётган мухбирнинг «Исроил чегаралари Ўрдун дарёсидан нарига ўтиши керакми?» деб берган саволига Смотрич «Шубҳасиз, лекин секин-аста», деб жавоб берган.

«Иерусалим (яъни Қуддус)нинг келажаги Дамашққача кенгашни тақозо қилади», — деган Смотрич.

Сионистик мафкура Исроил байроғида ҳам ўз аксини топган. Исроил байроғидаги икки мовий чизиқ Мисрдаги Нил ва Ироқдаги Фурот дарёсини англатади. Яҳудийлар мана шу икки дарё оралиғида Буюк Исроил давлатини барпо этишни олий мақсад қилишган.

Эроннинг таҳдиди

Эрон Исроилнинг мамлакатга уюштирадиган ҳужумида кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдам учун нефт объектларига зарбалар бериш орқали жавоб қайтаришини маълум қилди.

Эрон Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатларни Исроилнинг ислом республикасига ҳужумида кўрсатадиган ҳар қандай ёрдами учун уларнинг нефт объектларига зарбалар бериш орқали жавоб қайтариш билан таҳдид қилди.

Ушбу маълумотни Саудия Арабистони подшоҳлик саройига яқин бўлган таҳлилчи Али Шиҳаба ҳам тасдиқлаган.

«Эронликлар «агар Форс кўрфази давлатлари Исроил учун ўз ҳаво маконини очиб берса, бу уруш ҳаракати бўлишини» маълум қилмоқда», — деган у.

Шиҳабанинг сўзларига кўра, Теҳрон, шунингдек, Ар-Риёдни жавоб чораси иттифоқчилари, масалан, Яман ёки Ироқ томонидан ҳам кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Исроилнинг Эронга потенциал ҳужуми 9 октябр куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салом ҳамда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ўртасидаги музокараларда диққат марказида бўлган. Шундан кейин Саудия Арабистони, Қатар ва БАА АҚШни Исроилнинг Эронга ҳужум уюштиришида ҳаво макони ва ҳарбий инфратузилмасидан фойдаланишга рухсат бермаслиги тўғрисида хабардор қилган.

Reuters манбасига кўра, Форс кўрфазидаги нефт объектларига ракетага қарши мудофаа тизимлари ва Patriot мажмуалари ўрнатилган бўлса-да, уларнинг барчасини қўриқлаш мураккаб иш. Шу боисдан муаммони ҳал этишнинг асосий йўли — дипломатик ечим.

«Биз ракеталар уруши эпицентрида қолиб кетамиз. Жиддий хавотир мавжуд, айниқса, агар Исроил Эроннинг нефт объектларига зарба берса», — деган агентлик манбаси.

Украинага ёрдам

Германия канцлери Олаф Шолц ва Украина президенти Володимир Зеленский Украинани қўллаб-қувватлаш масалаларини жумладан, Россия-Украина урушини якунлаш учун тайёрланган «Ғалаба режаси»ни муҳокама қилишди.

Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг Европа пойтахтлари бўйлаб турнеси доирасида, Рим, Париж ва Лондондан сўнг Берлинга келди.

Юқори хавфсизлик чоралари қўлланган шароитда Зеленский минган вертолёт Шолц канцеляриясининг орқа ҳовлисига қўнган. Зеленскийни Шолцнинг ўзи кутиб олган.

Учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Шолц бу Зеленскийнинг жорий йил ичида Германияга тўртинчи сафари эканлигига урғу берган.

«Германия Украина томонда қатъий туришда давом этади», — деган Шолц.

Германия Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича Европада биринчи, жаҳонда иккинчи ўринда эканини қайд этар экан, канцлер Шолц бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишига ваъда берди.

Россиянинг урушдаги йўқотишлари

Сентябр Украинадаги рус қўшинлари учун энг ҳалокатли ой бўлди. Бу ҳақда АҚШ армиясининг юқори мартабали вакилига таяниб, The New York Times газетаси хабар берди.

АҚШ ва Британия таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, Россия қўшинлари сентябр ойида кунига 1,2 минг ҳарбий хизматчисидан айрилган — бу май ойида ўрнатилган максимал кўрсаткич атрофида.

Украинада уруш бошланганидан бери Россия 600 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчисини йўқотган. Уларнинг 115 минг нафари ўлдирилган ва 500 минг нафари яраланган.

АҚШ, шунингдек, Украина томони ҳам катта йўқотишларга дуч келганини прогноз қилмоқда. NYT суҳбатдошларидан бири Украина Қуролли кучлари таркибида бўлган 57,5 минг ҳарбий хизматчи ўлдирилгани ва 250 мингдан ортиғи яраланганини айтган.

Шунга қарамай, Россия ойига 25-30 минг нафар янги аскарларни жалб этмоқда — тахминан яна худди шунчаси жанг майдонини тарк этмоқда. Расмийларнинг сўзларига кўра, бу Россия армиясига қўшинларни Украина мудофаа позицияларига қайта-қайта юбориш имконини беради.

BBC рус хизмати «Медиазона» ва волонтёрлар жамоаси билан бирга уруш бошланганидан бери қарийб 73 минг россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини некрологлар ва қабрларни санаб, аниқ ҳисоблаб чиққан. 

Мавзуга оид