Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронда кучайган намойишлар, Россия байроғи остидаги танкерни мусодара қилган АҚШ ва СДФга қарши амалиёт бошлаган Сурия – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эронда намойишлар кучаймоқда
Эроннинг бир қанча ҳудудларида 11 кундан буён ҳукуматга қарши намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.
Намойишлар 28 декабр куни – Теҳрондаги дўкон эгалари Эрон валютасининг долларга нисбатан навбатдаги қадрсизланишига норозилик билдириб, кўчага чиққан пайтда бошланган. Сўнгги бир йил ичида риал рекорд даражада пастлаган, инфляция эса 40 фоизга чиқди. Тез орада университет талабалари ҳам норозиликларга қўшилди ва улар бошқа шаҳарларга ҳам тарқала бошлади.
Эрон Миллий қаршилик кенгаши Ғарбдаги икки шаҳар – Абданан ва Маликшоҳ намойишчилар назоратига ўтди, деб хабар берди. Лекин Эрон ҳукумати буни тасдиқламади.
Инқилобий гвардияга яқин кўрилган Fars ахборот агентлиги Лордеган шаҳрида қуролланган шахслар икки нафар полициячини отиб ўлдирганини ёзди. Ижтимоий тармоқлардаги видеоларда намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги кескин қарама-қаршилик, фон ортида эса ўқ овозлари эшитилиб тургани кўринади.
Бошқа бир нечта ҳудудлардан олинган кадрларда хавфсизлик кучлари намойишчилар томон ўқ узаётгани ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатаётгани, намойишчиларнинг айримлари эса тош отаётгани кўринади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, намойишлар ҳозиргача мамлакатдаги 111 шаҳар ва аҳоли пунктларига ёйилган. Тартибсизликларда камида 34 нафар фуқаро ва тўрт нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани, 2 200 нафар намойишчи ҳибсга олингани айтилмоқда.
АҚШ Россия байроғи остидаги танкерни мусодара қилди
7 январ куни АҚШ Атлантика океанида Венесуэла билан боғлиқ бўлган икки нефт танкерини мусодара қилди. Улардан бири Россия байроғи остида сузиб юрганди. Президент Доналд Трамп Каракасда ўтказилган ҳарбий рейддан сўнг Венесуэлага бориб-келаётган ва санкциялар остида турган кемаларга қарши блокадани кучайтирмоқда.
Бир неча ҳафта Атлантика бўйлаб давом этган тақиб чоршанба куни эрталаб АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати ва АҚШ ҳарбий махсус бўлинмалари томонидан якунланган. Улар Россия байроғи остига ўтган «Marinera» нефт танкерини қўлга олган. «Бу сохта россиялик нефт танкери эди», деди АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс. «Улар санкциялардан қочиш учун ўзларини Россия нефт танкери қилиб кўрсатишга уринишди».
Бош прокурор Пем Бонди «Marinera» экипажи Соҳил қўриқлаш хизматининг буйруқларига бўйсунмаганини айтиб, уларга жиноий айбловлар қўйилишини билдирди.
Трамп Мадурони қўлга олганидан сўнг Венесуэланинг улкан нефт захираларини назорат қилиш ҳақида очиқ гапирмоқда.
Чоршанба куни Венесуэла ички ишлар вазири Диосдадо Кабелло АҚШ ҳужуми оқибатида 100 киши ҳалок бўлганини айтди.
Покистон ва Саудия келишувлари
Покистон ва Саудия Арабистони қарийб 2 миллиард долларлик саудиялик кредитларни JF-17 қирувчи самолётлари бўйича битимга айлантириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда покистонлик манбаларига таяниб Reuters хабар бермоқда.
Манбалардан бирининг айтишича, музокараларда Покистон ва Хитой томонидан биргаликда ишлаб чиқилган енгил жанговар самолёт — JF-17 Thunder'ни етказиб бериш асосий ўринда турибди.
Биринчи манбага кўра, умумий битим қиймати 4 миллиард доллар бўлиб, Покистон қарзларини конвертация қилишдан ташқари яна қўшимча 2 миллиард доллар асбоб-ускуналарга сарфланади. Саудия ОАВлари ҳам душанба куни Покистон ҳаво кучлари бош қўмондони Зоҳир Аҳмад Бабар қиролликка келиб, музокаралар ўтказганини маълум қилди.
Покистон ва Саудия ўтган йили Исроил Доҳага зарба берганидан кейин мудофаа битими тузган эди. Қироллик АҚШдан бошқа хавфсизлик бўйича дўстлар қидирмоқда.
Покистон узоқ йиллардан буён қиролликка ҳарбий ёрдам кўрсатиб келади, жумладан, тайёрлов ва маслаҳат миссиялари орқали. Саудия Арабистони эса Покистон иқтисодий қийинчиликларга дуч келган пайтларда уни молиявий қўллаб-қувватлаб келган.
АҚШга кириш учун гаров пули
Доналд Трамп маъмурияти фуқаролари АҚШга кириш учун ариза топширишда 15 минг долларгача бўлган гаров пули қўйиши талаб этиладиган давлатлар сонини уч баравар оширмоқда.
АҚШ давлат департаменти виза гарови талаб қилинадиган давлатлар рўйхатини дастлаб 13 тага оширди, кейинроқ яна 25 та давлатни рўйхатга қўшди. Янги қўшилган давлатлар учун гаров талаби 21 январдан кучга киради.
Бу қарор натижасида ҳозирда 38 та давлатнинг кўплаб фуқаролари АҚШнинг бизнес ёки сайёҳлик визаларини олиши молиявий жиҳатдан имконсиз бўлиб қолади. Бу рўйхатга асосан Африканинг қашшоқ давлатлари ва Осиёдан айрим мамлакатлар киритилган. Хусусан, Марказий Осиёдаги қўшниларимиз Туркманистон, Қирғизистон ва тожикистонликлар ҳам бу турдаги виза олиш учун энди гаров пули тўлаши керак.
Лекин аслида бу гаров пулини тўлаш ҳам виза берилишини кафолатламайди. Бироқ агар виза рад этилса ёки шахс виза шартларига риоя қилган ҳолда АҚШдан қайтиб келса, унинг пули қайтарилади.
АҚШ расмийлари бу чора нишонга олинган давлатлар фуқаролари визани бузиб мамлакатда қолиб кетмаслигини таъминлашда самарали эканини таъкидламоқда.
Сурия СДФга қарши амалиёт ўтказади
Сурия армияси Ҳалабда (Алеппо) курдларга алоқадор террор гуруҳлари нишонга олинган ҳарбий амалиётни бошламоқда.
«Сурия Демократик кучлари (СДФ) томонидан тинч аҳолининг яшаш ҳудудлари, асосий йўллар ва хавфсизлик кучларига қарши давом этаётган ҳужумларга жавобан Сурия армияси Ҳалабда чекланган ҳарбий операцияни бошлайди», — дейилади ахборот вазирлиги баёнотида.
Баёнотда операция маҳаллий қарор асосида ва Ҳалаб аҳолиси илтимосига биноан ўтказилиши айтилган. Унинг мақсади давом этаётган артиллерия, снайпер ва дрон ҳужумларини тўхтатиш, Ҳалаб–Азаз йўлини қайта очиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишдан иборат.
Маълум қилинишича, ўтган бир ой ичида СДФ амалга оширган ҳужумлар оқибатида 20 нафардан ортиқ тинч фуқаро ҳалок бўлган, 150 нафардан ортиғи яраланган. Шунингдек 25 нафардан ортиқ аскар ўлдирилган. Зўравонлик шаҳардаги савдо ва кундалик ҳаётни ҳам издан чиқарган.
Сурия ҳам Туркия каби Курдистон ишчи партияси ва СДФ террор гуруҳларини бир-бири билан чуқур боғлиқ деб ҳисоблайди.
Воқеалар СДФ чоршанба куни эрталаб Ҳалабдаги турар жой маҳаллаларини кетма-кет иккинчи кун ўққа тутганидан кейин юз берди. Сурия Фуқаролик мудофааси аввалроқ ҳудудда ҳуманитар вазият ёмонлашгани ва Ҳалабдан 850 нафар тинч аҳоли эвакуация қилинганини маълум қилганди.
Зеленский Қодировни қўлга олишни таклиф қилди
АҚШ урушни тўхтатиш ва Владимир Путинга босим ўтказиш учун Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировни қўлга олиш бўйича ҳарбий операция ўтказиши мумкин, деди Украина президенти Володимир Зеленский.
«Марҳамат, мана сизга Николас Мадуро билан боғлиқ мисол. Операция қилишди. Натижани ҳамма, бутун дунё кўрди. Бу тезда амалга оширилди. Майли, Қодиров билан ҳам, ўша қотил билан ҳам қандайдир операция қилишсин. Балки шунда Путин буни кўриб, ўйланиб қолар», деди Зеленский журналистлар билан мулоқотда.
Унинг сўзларига кўра, АҚШда Россияга реал босим ўтказиш учун воситалар бор ва улардан қандай фойдаланишни билади, бироқ бунинг учун Вашингтонда Украина устувор бўлиши керак.
Ҳозирча Доналд Трампнинг вакиллари Россия билан музокаралар олиб бормоқда, аммо улар «вақтни чўзмоқда», деди Зеленский.
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров сўнгги пайтларда омма олдида кам кўриниш бермоқда. ОАВларга кўра, у оғир касал. Бир тахминга кўра, унда буйрак билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин, бошқа тахминга кўра, унда ошқозон ости бези некрози бор.
Мавзуга оид
14:10 / 07.01.2026
Гренландияни кўзлаётган Трамп, Японияга Хитойдан иқтисодий зарба, Украина учун хавфсизлик кафолатларида силжиш – кун дайжести
15:59 / 06.01.2026
Судда кўрсатма берган Мадуро, Зеленский атрофидаги истеъфолар ва Эрон етакчисининг захира режаси – кун дайжести
15:25 / 05.01.2026
Трампнинг давом этаётган таҳдидлари, Яманда авж олган можаро ва Швейцариядаги даҳшатли ёнғин қурбонлари – кун дайжести
17:00 / 30.12.2025