Ўзбекистон | 10:19 / 19.06.2023
41603
3 дақиқада ўқилади

Топширилганига 1 йил тўлмаган лифт 15-қаватдан пастга қулади. Янгиҳаёт туманидаги воқеа тафсилотлари Kun.uz репортажида

“Лифтнинг ичида эдим. Лифт бирдан пастга тушиб кетди. 5 кишининг оёғи синди. Ҳамма жой чанг-тўзон бўлиб кетди”, дейди лифт ичидан омон чиққан фуқаро.

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги 16 қаватли уйда пастга тушаётган лифтнинг “троси” узилиб, тезлашиб кетиши оқибатида 11 киши жароҳат олди. Kun.uz мухбири воқеа содир бўлган тундаёқ ҳодиса жойида бўлиб, гувоҳлар билан суҳбатлашди. Маълум бўлишича, мазкур кўп қаватли уйда лифт билан боғлиқ кўнгилсизликлар аввал ҳам бот-бот такрорланиб турган. 

Кеча, 18 июнь 16:15ларда Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани “Янги Дархон” МФЙ, Наврўз кўчасида жойлашган 17-сонли кўп қаватли уйнинг юк ташиш учун мўлжалланган лифти юқоридан пастга тушаётган вақтида техник носозлик туфайли тезлашиб кетган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотга кўра, 1-қаватга яқинлашганда лифтнинг автоматик тормоз тизими ишга тушиб тўхтаган. Оқибатда лифтда бўлган 11 нафар фуқаролар турли даражада енгил тан жароҳати олиб, РШТЁИМга олиб кетилган. Тиббий ёрдам кўрсатилгач, фуқароларга уйига жавоб берилган. 

Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, ҳодиса гувоҳлари билан суҳбатлашди. Уларнинг маълум қилишича, бу мазкур кўп қаватли уйда лифт билан боғлиқ кузатилган илк ҳолат эмас.

Троси 15-14 қаватларда секин-секин узилиб, 10-қаватга келганида лифт бирдан пастга тушиб кетган. Лифт ичидагилардан айримларининг оёғи синган, битта ёш боланинг тиши синиб кетган. Гап вазнда эмас, лифтнинг ўзида қандайдир носозлик бор. Чора кўриши керак тегишли ташкилотлар. Менинг ҳам 2 ёшли фарзандим бор. Бирор одам ҳалок бўлмасидан аввал олдини олиш керак”, дейди уйда яшовчи фуқаролардан бири.

Мен лифтнинг ичида эдим. Лифт бирдан пастга тушиб кетди. 5 кишининг оёғи синди. Ҳамма жой чанг-тўзон бўлиб кетди. Тез ёрдам келиб, барчамизни шифохонага олиб кетди. Соғимиз чиқиб келдик, қолганлар тиббий ёрдам олиш учун қолишди. Уйнинг лифтлари олдин ҳам ишламай қоларди”, дея таъкидлайди воқеа гувоҳи.

Яна бир фуқаронинг таъкидлашича, олдинроқ ушбу лифт 3-қаватдан пастга “қулаган” ва тормози ишлаб, ушлаб қолган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, ҳозирда қурилиш ташкилоти масъуллари лифтга кўп одам чиққан ва оғирлик меъёридан ошиб кетган, деган важ билан ишни ёпти-ёпти қилиш ҳаракатида экан. Аммо замонавий лифтларда оғирлик меъёрдан ошса, огоҳлантирувчи сигнал чалиниб, лифт “юрмайди”.

Таҳририят мухбирини кўрган қурилиш ташкилоти масъуллари воқеа жойидан “ғойиб бўлиб қолди”. Шу сабабли, ҳолат юзасидан уларнинг изоҳини олиш имкони бўлмади.

Мавзуга оид